Бухоро вилоят судида 31 январь куни Қорақалпоғистонда 2022 йил июль ойида юз берган воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида 22 нафар судланувчига нисбатан ҳукмлар ўқиб эшиттирилди. Судланувчилардан Лолагул Каллиханова, Аҳмет Сметуллаев, Азамат Турданов ва Азамат Нуратдиновга нисбатан озодликни чеклаш тарзидаги шартли жазо қўлланилиб, улар суд залидан озод қилинди.

Суд залидан озод қилинганлардан Азамат Нуратдинов 2 июль куни Қонликўл туманида одамларни оммавий тартибсизликларга даъват қилувчи материалларни тарқатиб, оммавий тартибсизликларда етакчилик қилганликда айбланаётган эди. Давлат айбловчиси унга нисбатан 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллашни сўраган эди.

Суд якунига етгач, Нуратдинов журналистлар билан мулоқот қиларкан, Ўзбекистон президентига, ўз халқига содиқ қолиб, «икки халқнинг уруштирилишига йўл қўймаслик»га ваъда берди.

— Худо хоҳласа, мен [Ўзбекистон] президентига, халқимга содиқ қолиб, икки халқ [ўртасида] миллатчилик уйғотиб, бир-бирига нисбатан норозилик [уйғотаётган] одамларга икки халқни уруштиришларига йўл қўймайман. Кўпчилик, халқ интернетдаги материаллар таъсирида [чалғиб қолди]. Худо хоҳласа, [менга берилган] имкониятдан фойдаланиб, ўзим яшайдиган туманда, қолаверса, Қорақалпоғистоннинг бошқа туманларига ҳам бориб, Даулетмурат Тажимуратов ва унга ўхшаган, давлатимга тош отаётган ифлос одамларга [қарши] охирги нафасимгача курашаман.

— Нега ўз ватандошингиз ҳақида бу қадар [нафрат билан] гапираяпсиз? У ҳам қорақалпоғистонлик-ку.

— Тўғри, қорақалпоғистонлик. Биз бошида [унинг мақсадларини] тушунмадик. Халқ конституция [ўзгаришига норозилик билдириб кўчага] чиқди. Биз унинг ғаразли нияти борлигини билмагандик. Унинг 4 июлгача қочиб юрганини суд давомида билдим. 4 июль куни қўлга олинган. Ўзингиз кўрдингиз, 2 июлга ўтар кечаси соат 03:38 да уйидан қочиб кетган. 2 июль куни тонг отгандан бошлаб Даулетмурат Тажимуратов деб кимлардир уни излаяпти. Кимлардир эса конституция деяпти.

Халқ содда-да, Даулетмурат керак, деяпти. Даулетмурат 4 июлгача қочиб юрмай, 2 июль куни «мана, мен борман» деб халқни тинчлантирса бўларди. 1 июль куни ҳам тинчлантирса бўларди. Содда халқ Даулетмуратнинг фақат яхши тарафларини кўрган. Мен ҳаққоний айтишим керак — унга нисбатан 5 марта «фирибгарлик» моддаси билан иш очилганини шу судда биринчи куни эшитгандим.

— Лекин сиз барибир унга ишониб чиққансиз?

— Биз фақат Конституция деб, [шу гапга] ишониб чиқдик. Конституция ўзгаряпти, деб тушунгандик-да. Ундан кейин нималар бўлиб кетишини билмагандик.

— Тажимуратовнинг тарафдорлари назарида сиз ҳозир сотқинсиз. Уларга нима дейсиз?

— Мен сотқин эмасман. Нега сотқин бўлкарман? Ҳаққоний суд бўлди. Даулетмурат Тажимуратовнинг ўзи ҳақиқий сотқин. Нега 4 июлгача қочиб юради? Юраги йигитники бўлса, 2 июль куни халқнинг олдига чиқсин эди.

Видео