28 январь куни Яккасарой тумани «Қушбеги» МФЙ Шота Руставели кўчасида ҳаракатланиб кетаётган Mercedes-Benz йўловчи автобусида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳайдовчи автобуснинг мотор қисмида носозликлар юзага келгани учун йўловчиларни тушириб, автосаройга қайтаётган вақтда двигателда ёнғин келиб чиққан.

Шунга кўра 1 та ёнғин-қутқарув экипажи чақирувдан 4 дақиқа ўтиб — соат 10:54 да воқеа жойига етиб борган, ёнғин соат 10:58 да бартараф этилган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.