Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши депутат Абдумавлон Қосимовнинг муддатидан олдин истеъфога чиқишини маъқуллади. Мазкур қарор кенгашнинг жума куни бўлиб ўтган 77-сессиясида қабул қилинди. Бу ҳақда «Газета.uz»га икки мустақил манба, жумладан, йиғилишда қатнашган кенгаш аъзоси маълум қилди.

Келтирилишича, депутатнинг ўзи истеъфога чиқиш учун ариза берган. Абдумавлон Қосимов 2020 йилнинг январь ойида «Адолат» партиясидан 45-Қоратош округи бўйича кенгаш депутати этиб сайланганди. Ваколат муддати 2025 йилнинг январида тугаши керак эди.

У кенгаш котибияти мудири лавозимида ҳам ишлаган, ушбу орган фаолияти учун ташкилий, техник ва бошқа хизматлар билан шуғулланган.

«Газета.uz» маълумотларига кўра, Абдумавлон Қосимов ижтимоий тармоқлар ва кенгаш сайти ишини ҳам назорат қилган.

Эслатиб ўтамиз, 17 январь куни кенгашнинг Telegram каналида бир кун аввал Ўзбекистон президенти томонидан аҳолини электр ва газ билан таъминлашдаги инқироз туфайли ишдан бўшатилган кенгаш раиси ва пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга миннатдорлик билдирилган пост пайдо бўлганди.

Кейинроқ хабар ўчириб ташланган ва кенгаш раиси ўринбосари Тошпўлат Матибоев ҳокимият вакиллик органи собиқ ҳокимга мурожаат эълон қилмагани ва бу мурожаатни қўллаб-қувватламаслигини маълум қилган.

абдумавлон қосимов, жаҳонгир ортиқхўжаев, тошкент шаҳар

Шундан сўнг каналдаги барча хабарлар ўчирилганди. Бундан ташқари, Instagram ва Facebook`даги саҳифалар ҳам ўчириб юборилган, 27 январь куни сайт ҳам очилмай қолган.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Абдумавлон Қосимов «The First Glass» (тўқимачилик ва мўйнали маҳсулотларни ювиш ва кимёвий тозалаш), «Saray Business» (тўқимачилик, мўйнали маҳсулотларни ювиш ва кимёвий тозалаш), «Saray-Plastic» (пластмасса плиталар, қувурлар ва профиллар, ленталар ишлаб чиқариш) ҳамда «Saray Xalta» (кийим-кечакдан ташқари тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш) асосчиси бўлган. Айтиб ўтиш керакки, қонунчиликда шаҳар кенгаши депутатларининг ихтиёрий асосда ишлаётгани ва маош олмасликлари сабабли тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланмаган.

Аввал хабар берганимиздек, кенгаш ўша сессияда пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг депутатлик ваколатларини муддатидан аввал тугатиш тўғрисидаги қарорни маъқуллаганди.