Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни «Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги қонунни имзолади, дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Қонун билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий-техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифаси ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти зиммасига ўтказилди.

Котибиятлар юридик шахс ҳисобланади ва уларнинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.

Котибият тузилмаси, штатлар, ходимларнинг меҳнат ҳақи миқдори ва моддий-техника таъминоти, шунингдек уларни сақлаш харажатлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

11 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида юқорида келтирилган ўзгартишлар сенаторлар томонидан маъқулланган эди. Йиғилишда алоҳида котибиятларнинг ташкил этилиши ҳокимиятлар бўлиниши тамойилига амал қилинишига имкон яратади — ижро ва қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятини алоҳида олиб боради, шунингдек, ҳокимиятлар устидан депутатлик назорати самарадорлиги ошади, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Сенат раиси Танзила Нарбаева депутатлар узоқ йиллар давомида алоҳида котибиятнинг ташкил этилиши тўғрисида орзу қилганларини таъкидлаб ўтди.