Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳар кенгаши депутатлиги муддатидан олдин тугатилди. Тегишли қарор 27 январь куни шаҳар кенгаши томонидан қабул қилинган. «Газета.uz» манбалари хабар беришича, собиқ ҳокимнинг ўзи ваколатини тугатишни сўраб ариза ёзган.

Қонунчиликка кўра, сенатор ва кенгаш депутати ваколат муддати давомида дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2020 йил январь ойида ЎзЛиДеП партиясидан 48-сайлов округидан Кенгаш депутати, сўнгра беш йиллик муддатга сенатор этиб сайланган эди. Унинг ваколат муддати 2025 йилнинг январигача ҳисобланган.

Қонунга мувофиқ, депутатнинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан олдин тугатилади:

  • у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш ҳақида ёзма ариза берган тақдирда;
  • у қонунга кўра депутатлик, сенаторлик ваколатларини амалга оширишига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган тақдирда;
  • унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;
  • у чақириб олинган тақдирда;
  • суд уни муомалага лаёқатсиз деб топган тақдирда;
  • у суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;
  • у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган тақдирда;
  • у вафот этган тақдирда;
  • палата тарқатиб юборилган тақдирда.

Алоҳида ҳолларда депутатнинг ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори билан муддатидан олдин тугатилиши мумкин. Бундай масалани кўриб чиқиш учун депутатнинг юқори мартабасини обрўсизлантирадиган хатти-ҳаракатлар асос бўлиши мумкин.

Маълум қилинишича, собиқ ҳокимнинг ўзи депутатлик ваколатларини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳокимнинг истеъфога чиқишини маълум қилган эди. «Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон „сводка“ билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим», — деди давлат раҳбари.