Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши ўзининг Телеграм каналида аҳолини электр энергияси ва газ билан таъминлашда юзага келган инқироз фонида президент томонидан ишдан бўшатилган мазкур кенгашнинг собиқ раиси, пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қисқа мурожаат эълон қилди. Кейинроқ хабар ўчирилди.

«Ҳурматли Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаев, 2019−2023 йилларда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси сифатидаги фаолиятингиз давомида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларини қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур айтамиз», — дейилади мурожаатда.

«Бу даврда сиз томонингиздан билдирилган таклифлар асосида депутатлар томонидан олиб борилган ишлар натижасида аҳолининг айниқса эҳтиёжманд оилаларнинг ҳолидан хабар олинганлиги халқимизнинг депутатларга бўлган ишончини оширганлиги алоҳида эътиборга лойиқдир», — дейилади кенгаш хабарида.

«Сизга, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан Тошкент шаҳримиз равнақи йўлида қўшган ҳиссангиз ва машаққатли меҳнатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз», — дея қайд этилган мурожаатда.

Постга Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг кўп соатлик фуқаролар қабулидан лавҳалар акс эттирилган видеоролик илова қилинган. Ҳокимлик мазкур қабуллар кечгача давом этгани, аҳолининг аксарият муаммолари ҳал этилгани ҳақида хабар берган. Кадрларда одамларнинг кўз ёшлари билан ҳокимга миннатдорчилик билдиришларини кўриш мумкин.