Humo ва Uzcard тўлов тизимларини ўзаро интеграция қилиш жараёни айрим қийинчиликлар билан давом этмоқда. Бу ҳақда 21 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Миллий банклараро процессинг маркази (Humo) ва Ягона республика процессинг маркази (Uzcard) ҳозирда эксперимент сифатида терминалларни ҳар иккала тўлов тизимидаги карталарни қабул қилишлари учун унификация қилиш устида ишламоқда. Кейинги босқичда банкоматларни интеграциялаш режалаштирилган.

Марказий банк раҳбари Humo`да ижтимоий аҳамиятга эга бўлган кўплаб тўлов операциялари мавжуд бўлиб, улардан комиссия ундирилмаслигини таъкидлади.

«Бу [жараён] бирмунча қийин кетяпти… Чунки, қийин дегани нима учун — хусусий компания. Унинг маълум бир қўядиган шартлари бизнинг Humo`га тўғри [келмайди]… Humo`да ижтимоий аҳамиятга эга жуда кўп операциялар бор, яъни фоиз олмайди, комиссия олмайдиган операциялар кўп. Ўшалар бўйича ҳозир келув кетяпти. Шу жараён [давом этмоқда]», — деди у.

Ҳар икки тизимни интеграция қилиш бўйича биринчи бўлиб Мамаризо Нурмуратов 2020 йил сентябрида маълум қилган эди.

2021 йил декабрь ойи охирида Humo ва Uzcard ўзаро интеграциянинг биринчи босқичини якунлаётгани хабар қилинди. Унга кўра, ҳар икки тўлов тизими терминаллари иккала картани ҳам қабул қила олади. Ушбу хусусият пайдо бўлиши учун банклар терминалларини қандай янгилаш бўйича кўрсатмалар олишлари керак эди.

25 март ҳолатига кўра, Uzcard акцияларининг 51 фоизи Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банкига (Ўзмиллийбанк), 6 фоизи «Ўзсаноатқурилишбанк», 6 фоизи «Асака» банки, 6 фоизи «Ипотека-банк» ва 6 фоизи «Алоқабанк»га тегишли. Президент қарори билан ушбу акциялар Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилди.

Қолган 25 фоиз (ҳар бири 6,25 фоиз) тўрт нафар шахс — Мансур Пўлатович Усмонов, Камрон Анварович Акбаров, Тимур Махмуджанович Азадов ва Обид Алимжонович Ағзамхўжаев ўртасида тақсимланган.

Humo тўлов хизмати Марказий банкнинг «Ахборотлаштириш бош маркази» давлат унитар корхонасига тегишли