Ўзбекистонда ўтган ҳафтада кузатилган ғайритабиий совуқ об-ҳавони белгилаган Қозоғистон вилоятлари устидаги совуқ антициклон заифлаша бошлади. Бу тенденция келгуси кунларда ҳам давом этади, деб хабар бермоқда «Ўзгидромет» ахборот хизмати.

Қайд этилишича, кундузи Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 3−8 совуқ бўлади. Ҳафтанинг ўрталарида кунлик ҳарорат кўтарилади. 3 даража совуқ — 2 даража илиқ, кечаси ҳарорат 8−13 совуқ бўлади.

Бу ҳарорат иш ҳафтаси охиригача сақланиб қолади. Бу кунларда ёғингарчилик кутилмайди. Республика бўйлаб туман тушиши мумкин.

Республика йўлларида айрим жойларда музлик қолади. Бундан ташқари, кундузи ҳаво ҳарорати кўтарилгач, уйларнинг томидаги қор эрий бошлайди, музликлар пайдо бўлади. 16 январь куни тоғли ҳудудларда қор кўчкиси хавфи сақланиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 11 январдан ҳафта охиригача Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида, асосан, ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилганди. Ҳарорат кечалари −12…−20 даражача, кундузи −5…−12 даражагача пасайиши айтилган. Энг кучли совуқ — Устюртда ва Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида −30 даражагача бўлиши кутилган.

Аввалроқ аномал совуқ кунларда ўткир респиратор касалликлар кўпайиши мумкинлиги, коронавирус енгил ва симптомларсиз кечаётганини ҳисобга олиб, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фуқароларни шамоллаш белгилари кузатилса, шифокорга мурожаат қилиш, ўзбошимчалик билан дори ичмаслик, гумон бўлганда, коронавирусга тест топширишга чақиргани ҳақида хабар берилганди.