Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳудуддаги боғча ва мактабларда ўқиш жараёнларини бошлаш санасини 16 январга кўчирди. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов маълум қилди.

У ҳаракат номидан вилоят ҳокимининг қарорини олқишлади. Аввалроқ вилоят Халқ таълими бошқармаси 11 январь санасидан барча умумий ўрта таълим мактабларида ўқиш жараёни бошланишини эълон қилган. Бошқарма бу қарорни ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетмаслиги билан изоҳлаган.

Қолаверса, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ҳам барча олий таълим муассасалари ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотларининг таътил вақтини 16 январгача узайтирди.

5 январь куни Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида қишки таътил об-ҳаво совуқлиги сабабли 17 январга қадар узайтирилганди. Бироқ 10 январь куни ҳукумат ҳокимиятларга таътил жадвалини мустақил белгилашга рухсат бергани маълум бўлди.

Шу куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов масъулларни ўқиш жараёнларини кейинги ҳафтадан бошлаш масаласини кўриб чиқишга чақирди. Қарорнинг нафақат таълим муассасалари маъмурияти, балки ота-оналар ва педагогик таркиб билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилиниши лозимлигини қайд этди.

Шунга қарамай, деярли барча ҳудудларда 11 январдан таълим муассасалари фаолиятини тўлиқ ёки қисман тиклашга қарор қилинди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳам ота-оналар мурожаатига кўра мактаб, олий ўқув юртлари ва ўрта махсус таълим муассасаларининг очилишини 16 январга кўчириш тўғрисида қарор қабул қилди. Аввалроқ дарслар 11 январдан бошлаб юборилганди.