Telegram`даги «Kompromatuzb» каналида Андижон, Хоразм, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 11 январдан ўқиш бошланиши ҳақида хабар қолдирилганди.

Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, 11 январдан расман ўқув жараёнлари бошланади.

Андижон вилоятидаги таълим муассасаларида 11 январдан расман ўқув жараёнлари бошланишини маълум қиламиз. Шу билан бирга, таълим муассасаларининг келгуси фаолияти об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади, — дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

Шунингдек, Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати ҳам ўқиш бошланишини маълум қилган.

Хабарингиз бор, мактаб ўқувчилари учун қишки таътил 28 декабрдан бошланиб, 14 календарь кун, яъни 2023 йил 10 январгача давом этиши белгиланган эди. Гидрометерология маркази хабарига кўра, 11−18 январь кунлари вилоятимизда ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетмаслигини инобатга олиб, 2023 йилнинг 11 январь санасидан барча умумий ўрта таълим мактабларида ўқиш жараёни бошланишини маълум қиламиз, — дейилган унда.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати «Газета.uz» ҳолат бўйича изоҳ берди.

Ҳали қарор қабул қилингани ва эълон қилингани йўқ. Ҳамма ҳудудларда ҳокимликлар, халқ таълими ва мактабгача таълим бўлимлари, ОТМлар ва филиаллар раҳбарлари ишлашяпти. Таълим муассасаларининг шаротини бирма-бир ўрганишяпти. Бу жараёнда бир хил қараш бўлмайди. Талабга жавоб берадиганидагина ўқиш бўлиши мумкин. Бунда, албатта, барча инфраструктуралар ҳисобга олинади, — дейилади муносабатда.

Сурхондарё вилоятида ҳам 11 январдан бошлаб олий ҳамда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланади. Талаба-ўқувчиларнинг ОТМ жойлашган ҳудудларга етиб боришлари учун қўшимча автобуслар қатнови йўлга қўйилади.

Ўқув жараёнларини ташкил этишда ҳудуд имкониятлари, талабаларнинг ноқулай об-ҳаво шароитларида олийгоҳларга етиб келишлари тўла инобатга олинади ва бунга зарур шарт-шароитлар яратилади.

Фарғона вилояти ҳокимлигининг билдиришича, вилоят мактабларида ўқиш 16 январдан бошланади. 11 январдан 12 та олий ўқув юрти, 76 та техникум, коллеж, касб-ҳунар мактабларида ўқишлар бошланиши белгиланди. Вилоятдаги 975 та умумтаълим ўрта мактабларида, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда эса ўқиш 16 январь, душанба кунидан бошланишига қарор қилинди. Вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳам 16 январдан одатий фаолиятига қайтади.