Бухоро вилоятидаги барча умумтаълим мактаблари, ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ўқув жараёнлари 16 январдан бошланади, деб хабар бермоқда ҳокимлиги матбуот хизмати.

Вилоятда дарслар 11 январь кунидан анъанавий тарзда бошлаб юборилган эди. Бироқ совуқ об-ҳаво шароитида кўпчилик ота-оналарнинг мурожаатларини инобатга олиб, барча таълим муассасаларида ўқиш 16 январь кунидан бошланиши белгиланди.

Шунингдек, мактабгача таълим масканлари ҳам ўз ишини 16 январь кунидан бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, 5 январь куни Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида совуқ туфайли қишки таътил 17 январга қадар узайтирилганди. Бироқ Вазирлар Маҳкамаси баёнига асосан ҳудуддаги об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда ҳокимликларга таълим ташкилотларида қишки таътил даврини узайтириш ёки узайтирмаслик ваколати берилди.

Шу муносабат билан дарслар вилоятларда турлича — 11, 12, 13, 16 ҳамда 18 январдан бошланиши маълум қилинди.