10 январдан буён Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари ҳокимликлари аномал совуқ тушиши сабаб 17 январга қадар узайтирилиши айтилган қишки таътил тугагани ва таълим муассасаларида ўқиш 11 январдан бошланиши ҳақида баёнот бериб келмоқда. Масалан, Тошкент шаҳар расмийлари бу ҳақда 10 январь тугашига 2 соат қолганида, оддий қилиб айтганда, ярим тунда маълум қилди. Аммо бу йўналишдаги мантиқсизлик бўйича уларни-да ортда қолдиргувчилар топилмоқда: Тошкент вилояти ҳокимлиги 11 январдан ўқиш бошлангани ҳақида 11 январь куни соат 10:00 да ахборот берди.

Расмийларнинг бу каби беқарорлиги сешанба куниёқ аҳолининг норозилиги ҳам ҳайратига сабаб бўлганди. Мактаблар қайта очилиши ҳақида ярим тунда чиққан хабарлар ўша вақтнинг ўзидаёқ интернет фойдаланувчиларининг диққат марказида турди. Ҳатто вазиятга турли шеър ва тез айтишлар билан муносабат билдирганлар ҳам бўлди. «Газета.uz» тармоқларда тарқалган ана шундай фикрларни бир ерга жамлади.

Ҳаммаси қандай бошланди?

Даставвал, 10 январда кун давомида бир қатор вилоятлар ўз ҳудудидаги мактабларда ўқиш 11 январда бошланиши ҳақида ахборот бериб чиқди (жамоатчиликнинг норози мунозаралари айнан шундан кейин бошланган эди). Кеч соат 20:15 да (яъни, кун тугашига 4 соатдан камроқ вақт қолганида) эса Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қишки таътил муддатини узайтириш ёки узайтирмаслик ваколати ҳудуддаги об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда маҳаллий ҳокимликларга берилганини маълум қилди.

Шундан сўнг ярим тунда бирин-кетин Тошкент расмийлари, шунингдек, бошқа ҳудудларнинг маъмуриятлари ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларида мактабларда ўқувчилар учун дарслар 11 январдан боланиши ҳақида хабарлар бера бошлади.

Бунга жамоатчилик нима дейди?

Собиқ депутат Расул Кушербаев буни «қатъиятсиз ва оқибати чуқур ўйланмай қилинган қарор», дея атади.

У 11 январь куни эрталаб яна бир пост ёзиб қолдирди: таъкидлашича, бугун унинг фарзанди синф бўйича дарсга борган ёлғиз ўқувчи бўлибди.

Қолган ҳудудларда ҳам дарсга кўпчилик келмагани айтилмоқда. Давоматга алоҳида эътибор берилмаяпти.

Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев ҳолатга юмор билан ёндашиб, ўз саҳифасида шундай ёзув қолдирди:

«Сифатли таълим» йилидаги 1-дарсимизга масъуллардан ҳеч ким тайёрланмай келибди, ҳаммаси «2″ баҳо олишди. Худо хоҳласа, 2023 йилда ҳам зерикмас эканмиз. Ўзи Ўзбекистонда зерикиш қийин», дейди блогер.

Журналист Азиза Қурбонова ҳам ўз саҳифасида ҳолатга муносабат билдириб, ҳокимликларга юкланган ушбу қарорни «бажарамиз» кампаниявозлигига ўхшатди:

«Бир қараганда ана хориж тажрибаси: мамлакат таълим менежментида марказлаштиришдан воз кечиб, ҳудудлар/таълим муассасаларининг ўзлари қачон иш бошлаш-бошламасликни ҳал қилганлари яхшидек туюлади. Лекин бизда доимгидек „энг яхшисини кутамиз ва… доимгидек бўлади“. Тун ярмига оғганда маҳаллий ҳокимиятларга берилган танлов ҳуқуқи „бажарамиз“ кампаниявозлигига айланиб кетди. „Мактабинг тайёрми, ўзинг танла“ деса „йўқ, 6 миллион болани олдида сизлар уялмасангиз, мен мактабимдаги мингта боланинг олдида бу тутуруқсизликдан уяламан“ дейдиган мард топилармиди? Йўқ, албатта», деди у.

Айни вақтда, колумнист Комил Жалиловнинг қайд этишича, «Таълим тўғрисида»ги қонун маҳаллий давлат органлари (ҳокимликлар)га қишки таътил даврини узайтириш ёки узайтирмаслик ваколатини бермайди. «Ўша савол: ўзимиз чиқарган қонунларга ўзимиз риоя қиламизми?», — деб савол қўйган эксперт.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот котиби Бобур Туляганов ўз саҳифасида шундай деб ёзди:

Ўқиш бошланиши билан боғлиқ хабарлар тез янгиланаётгани фойдаланувчиларга «илҳом» бағишлади ва янги тез-айтиш, шеърлар тўқилишига сабабачи бўлди.

Бу мавзу инстаблогерлар учун ҳам янги контент тайёрлаш йўлида «яхши» ғоя бўлди, дейиш мумкин.

Қайд этиш жоиз, айрим ҳудудлар вазиятга бошқачароқ ёндашишга ўзида куч топа билди. Хусусан, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳудуддаги мактабларда дарс 16 январдан бошланишини маълум қилди. Буни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов олқишлади.

«Биз Фарғона вилояти ҳокимининг вилоят мактабларида ўқишни 16 январдан бошлаш қарорини олқишлаймиз. Ота-оналар ва педагогик таркиб ушбу қарорни чуқур ўйланган, болалар саломатлиги устувор қўйилган қарор сифатида баҳоламоқда», дейилади депутат номидан эълон қилинган баёнотда.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистоннинг қайси ҳудудда қачондан қишки таътил тугаб, ўқиш бошланиши ҳақидаги маълумотларни бир саҳифага жамлаган эди.