Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёнига асосан ҳудуддаги об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда ҳокимликларга таълим ташкилотларида қишки таътил даврини узайтириш ёки узайтирмаслик ваколати берилганини маълум қилди. Ушбу баён муносабати билан республика вилоятларида ўқув жараёнлари турли вақтларда — 11, 12, 13, 16 ва 18 январдан бошланиши режа қилинди.

Тошкент шаҳри

Пойтахт ҳокимлиги маълумотига кўра, 11 январдан бошлаб шаҳардаги умумтаълим мактабларида уларнинг шароити, ишлашга тайёрлигига қараб, босқичма- босқич ўқув жараёнлари бошланиши белгиланди.

Бу борадаги қарор мактаблар раҳбарияти томонидан ота-оналар кенгаши билан келишган ҳолда қабул қилиниши тавсия этилган.

Наманган вилояти

Вилоят мактабларида ўқиш 11 январдан бошланиши маълум қилинган. Ҳудуддаги 5 та олий ўқув юрти, 63 та техникум, коллеж ва касб-ҳунар мактабларида ўқишлар бошланиши белгиланган.

686 та умумтаълим мактабида, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ҳам ўқиш 11 январь кунидан бошланишига қарор қилинган, 24 та мактабда босқичма-босқич бошланиши билдирилган.

Наманган шаҳридаги 21-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳамда 40-сонли махсус мактаб интернатидан ташқари барча ўқув даргоҳларида дарслар бошланиши қўшимча қилинган. Бу иккита мактабда дарслар келаси ҳафтадан бошланиши режалаштирилган.

Андижон вилояти

Ушбу вилоятдаги таълим муассасаларида 11 январдан расман ўқув жараёнлари бошланди. Шу билан бирга, таълим муассасаларининг келгуси фаолияти об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари (боғчалар)да таътил кунлари давом этиши маълум қилинди.

Боғчаларни очишга шошилмаймиз. Бу масалани янада пухта кўриб чиқиш керак, деб ўйлайман. Ҳозирча таътил кунлари давом этади. Хулосалар бўйича яна муҳокамага қайтамиз, — деди вилоят раҳбари Шуҳрат Абдураҳмонов.

Жиззах вилояти

Халқ таълими бошқармасига кўра, вилоятда 555 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, 261 616 нафар ўқувчи таълим олади. Ҳудудлардан олинган тезкор маълумотлар асосида 11 январь кунидан жами 140 та мактабда дарс машғулотларини ташкил этиш имконияти мавжудлиги аниқланиб, фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Мазкур таълим муассасаларининг 14 таси кўмир ёқилғиси, 122 таси газ ёқилғиси, 1 таси суюқ ёнилғи, 2 таси электр энергияси ва 1 тасир марказлашган иссиқлик тизими билан иситилади.

Шунингдек, асосий умумтаълим мактаблари вилоятнинг тоғли ва олис ҳудудда жойлашгани, ҳаво ҳарорати кескин совиган вақтда транспортда бориш қийинлашгани, масофанинг узоқлиги сабабли 415 та умумтаълим муассасасида ўқув жараёнлари босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Бухоро вилояти

Вилоят ХТБга кўра, ҳудуддаги умумтаълим мактабларида 11 январдан анъанавий ўқув жараёнлари бошланди.

Самарқанд вилояти

Бугунги кунда вилоятда жами 13 та олий таълим, 73 та ўрта махсус касб-ҳунар таълими ҳамда 1255 та умумтаълим мактаблари мавжуд. 11 январь кунидан 950 та умумтаълим, 71 та ўрта-махсус таълим ва 13 та олий таълим муассасасида анъанавий шаклда дарслар бошланди.

Шунингдек, ҳаво ҳарорати кескин совиган вақтда транспортда бориш қийинлиги, масофа узоқлиги ва зарур иссиқлик билан таъминлаш имконияти чеклангани сабабли 97 та умумтаълим ва 2 та ўрта-махсус таълим муассасаларида 13 январдан ҳамда 208 та умумтаълим муассасасида 18 январдан ўқув жараёни бошланади.

Қашқадарё вилояти

Қашқадарёда ҳам 11 январдан бошлаб ўқишлар босқичма-босқич бошланди.

Тоғли ва узоқ қишлоқлар мактабларида таълим жараёнлари 16 январдан бошланади. Халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги имконияти чекланган махсус мактаб-интернатларида ўқиш 18 январдан йўлга қўйилади.

Президент таълим муассасалари агентлигига қарашли ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларида эса ўқиш 16 январдан бошланади.

Вилоятдаги барча мактабгача таълим муассасаларида таътил 17 январгача давом этиб, фаолиятини 18 январдан бошлайди.

Сурхондарё вилояти

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, ҳудудлардаги барча умумтаълим мактабларида 11 январь кунидан анъанавий шаклда дарслар бошланиши маълум қилинди. Аммо ушбу эълондан сўнг қўшимча маълумот берилиб, унда вилоятнинг тоғли, олис ҳудудларидаги мактабларда дарс машғулотлари бошланмаслиги қайд этилди.

Туманлар ҳокимликлари томонидан тоғли, олис ҳудудларда жойлашган мактаблар рўйхати шакллантирилади ва ушбу мактабларда анъанавий дарс машғулотларининг бошланиш санаси қўшимча маълум қилинади, — дейилди хабарда.

Хоразм вилояти

Халқ таълими бошқармасининг билдиришича, бу вилоятда ҳам 11 январь санасидан барча умумий ўрта таълим мактабларида ўқиш жараёни бошланди.

Тошкент вилояти

Вилоят ҳокими топшириғига асосан, вилоятдаги барча ҳудудларда ҳоким, мактаб директори ва маҳалла раислари билан мактаблардаги иссиқлик таъминоти ҳолати ўрганилди, телефон орқали уларнинг фикрлари олинди. Ўрганиш ишлари 10 январь куни 23:00 да тугалланди. Шундан сўнг қуйидаги якуний хулосага келинди:

11 январдан вилоят бўйича 77 та мактабда дарс бўлади. Ушбу мактабларнинг ўқувчилари дарслар бошланиши ҳақида ота-оналар кенгаши орқали хабардор қилинган. Бошқа умумтаълим мактабларида ўқишлар, мавжуд шароитларни инобатга олган ҳолда 12 январдан босқичма-босқич бошланади.

11 январь куни соат 14:00 да 12 январдан бошлаб дарс бошланадиган бошқа мактаблар рўйхати эълон қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси

Республика Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, ҳудудда дарслар анъанавий шаклда 12 январдан бошланади.

Навоий вилояти

«Газета.uz» вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритди. Маълум бўлишича, мактабларда шароитдан келиб чиқиб 12 январь санасидан Навоий шаҳридаги 21 та, Кармана туманидаги 32 та, Навбаҳор туманидаги 37 та, Қизилтепа туманидаги 43 та, Нурота туманидаги 11 та, Конимех туманидаги 14 та, Хатирчи туманидаги 72 та мактабда дарслар бошланади. Олис чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган 133 та мактабда ўқиш 16 январдан давом эттирилади.

Олий ўқув юртлари, коллеж ва лицейларда ўқиш босқичма-босқич тарзда 11 январдан бошланди.

Сирдарё вилояти

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактабларида дарслар 13 январдан, бошланғич синф ва боғчаларда дарс ҳамда машғулотлар 16 январдан бошланади.

Олий ўқув юртлари, коллеж ва лицейларда эса ўқиш босқичма-босқич тарзда 11 январдан бошланди. Бунда бошқа вилоятлар ёки чекка ҳудудлардан келиб ўқийдиган ўқувчи ва талабаларга шароит яратилиши, дарсларни онлайн ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

Фарғона вилояти

Вилоят мактабларида ўқиш 16 январдан бошланади. 11 январдан эса вилоятдаги 12 та олий ўқув юрти, 76 та техникум, коллеж, касб-ҳунар мактабларида ўқиш бошланиши белгиланган.

975 та умумтаълим мактабида, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда эса ўқиш 16 январь, душанба кунидан бошланишига қарор қилинган. Вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳам 16 январдан одатий фаолиятига қайтади.