Ўзбекистон ҳукумати сешанба куни давомида гоҳ у ҳудудда, гоҳ бу ҳудудда мактаб, олий таълим ва профессионал таълим муассасаларида ўқиш бошланиши ҳақидаги хабарларни қисмларга ажратиб, эълон қилиш орқали фуқароларга ғамхўрлик қилишнинг энг юқори даражасини намойиш қилди.

22:00 дан кейин навбат Тошкент шаҳридаги туман ҳокимликларига ҳам етиб келди. Улар қишки таътил «расман тугагани» ва мактабларда дарс бошланишини эълон қилишди.

Деярли кечаю кундуз ва дам олишларсиз ишлашга одатланган амалдорлар — расман уларнинг сайловчилари, улар билан маслаҳатлашишлари ва ҳисобот беришлари керак бўлган — оддий фуқароларнинг мавжудлигини унутгандек гўё.

Гўё улар болалар вақти (детское время) аллақачон тугаганини билишмайди, ахир ота-оналар ўз фарзандларига таътил кейинги ҳафтагача чўзилганини айтиб бўлишди. Одамлар янги чоракка тайёргарлик кўришга ҳам улгурмаслиги мумкин.

Содир бўлиши ҳақида олдиндан хабар берилган изғирин совуқлар, афтидан, унчалик ҳам «аномал» эмас, лекин ноқулай об-ҳаво транспорт муаммосини яна бир марта юзага келтира олди. Синоптикларга миннатдорчилик билдириш керак, чунки бутун мамлакат совуқ ҳавога қаттиқ тайёргарлик кўрди ва, эҳтимол, шунинг учун аномал ҳаво унчалик қўрқинчли кўринмади.

Бироқ, «агар болалар яна бир ёки бир неча кун уйда қолишса, наҳотки тузатиб бўлмас нимадир содир бўлиб қолади?» деган савол туғилади.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўтган бир кунни ҳақиқий «аномал» деб аташди. Ҳаво қаттиқ совиб кетгани учун эмас, балки олдиндан тушунтириш ва огоҳлантиришни ҳануз ўргана олишмаган расмийларнинг қарор қабул қилиш усулидан шундай фикр билдиришди.

Эҳтимол, «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да улар буни қилишни ўрганиб олишар.

Қўшимча маълумот

Сешанба куни соат 22:47 га келибгина, Тошкент ҳокимияти мактаблар «шароити, ишлашга тайёрлигига қараб, босқичма-босқич» очила бошлашини маълум қилди.

«Бу борадаги қарор мактаблар раҳбарияти томонидан ота-оналар кенгаши билан келишган ҳолда қабул қилиниши тавсия этилади», — дейилади хабарда.

Ҳокимликнинг ишонтиришича, коммунал хизмат тизимлари масъуллари билан биргаликда бу соҳада юзага келган муаммоларни тезкорлик билан ҳал етиш чоралари кўрилади.