Metro Plaza компанияси Тошкентдаги газета мажмуасини («Газета корпуси» номи билан машҳур) сотиб олиш бўйича тендерда ғолиб бўлди, деб хабар берди Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати.

Бино пойтахтнинг Миробод туманидаги Бухоро ва Нуронийлар кўчалари кесишмасида жойлашган. Умумий ер майдони 1,2 гектарни, бино ва иншоотларнинг майдони 19152 кв.м ни ташкил этади, шундан қурилиш учун 17863 кв.м ажратилган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотларига кўра, Metro Plaza бинони 78 млрд сўмга хусусийлаштиради.

Metro Plaza компанияси ҳақида

КТЯДР маълумотларига кўра, Metro Plaza МЧЖ 2021 йил 21 апрелда 20 млрд сўмлик устав капитали билан рўйхатдан ўтган. Асосий фаолияти — бизнес ва менежмент масалалари бўйича консалтинг. Компания асосчилари Миродил Фозилов (50%), Хасан Мамасаидов (25%) ва Хусан Мамасаидов (25%), раҳбари Оятулло Асқаров.

Ака-ука Мамасаидовлар Office Маркет (полиграфия), Dekos (реклама маҳсулотлари ва бизнес совғаларини етказиб бериш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган) компанияларига ҳамда MFaktor лойиҳаси (бизнес ва тадбиркорлик ҳақидаги YouTube лойиҳаси) га асос солган таниқли тадбиркорлар ҳисобланади.

Миродил Фозилов ҳам турар-жой бинолари қурилишига ихтисослашган Oazis Lux Investments (50%, Oazis меҳмонхонаси) ва Royal Central Development (100%) компанияларининг улушига эгалик қилади.

Бундан аввал, Ташқи ишлар вазири ўғли Дониёр Камилов асосчиси сифатида кўрсатилган Metropol Group компанияси 210 млрд сўмга «Сайилгоҳ»да жойлашган Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ биносини хусусийлаштираётгани ҳақида хабар берган эдик.