Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Абидов апрель ойида «Газета.uz»га берган интервьюсида 1 ноябрга қадар пойтахтнинг 11 та кўчасида пулли тўхташ жойларини жорий этиш бўйича дастлабки лойиҳа ишга туширилишини маълум қилган эди (бу бўйича президент қарори ҳам чиққан). Бироқ шаҳар ҳокими томонидан бу ҳақдаги қарор ҳали ҳам қабул қилингани йўқ.

Шаҳар кўчаларидаги бетартиб тўхташ жойлари билан боғлиқ вазиятни тартибга келтириш режалари ҳақида 2018 йилдан бери гапирилади. Шунга қарамай, пойтахтда йўл ёқасидаги пулли тўхташ жойлари ҳануз ташкил этилгани эмас.

«Газета.uz» аввалроқ дунёнинг турли шаҳарларида пулли тўхташ жойлари амалиётга қандай татбиқ этилгани ҳақида маълумот берганди. Ҳайдовчиларнинг бу ташаббусга қарши норозиликлари фақат Ўзбекистонгагина хос эмас. Пулли тўхташ жойларини жорий этаётган барча шаҳарлар шундай қаршиликка дуч келади. Аммо ушбу чора тез вақт ичида сезиларли иқтисодий ва экологик самара келтиради.

Россиядаги SIMETRA компаниясининг жамоат транспорти соҳасидаги ечимлар бўйича директори Владимир Валдин «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда оқилона фойдаланиш зарур бўлган маконнинг чекланганлиги барча мегаполисларнинг асосий муаммоларидан бири эканини таъкидлаб ўтди.

«Шаҳардаги энг қиммат ресурс, бу — ер, макон. Шу сабабли шаҳар маъмуриятининг вазифаси — ундан самарали фойдаланишдир. Машина бир жойда турса, бу ўта самарасиз бир жараён, чунки машина юрган вақти транспортга айланади, турганида эса жойни эгаллаб турган бефойда бир темир бўлаги, холос», — дея тушунтирди мутахассис.


Владимир Валдин Самарқанд мастер-планига бағишланган ўтган йилги интервьюсида ҳам бепул тўхташ жойлари, айниқса шаҳар марказида, умуман олганда бўлмаслиги лозимлигини қайд этиб ўтган эди.

«Тўхташ жойлари ўрнига хиёбонлар, қандайдир фойдали нарсалар қурса бўларди. Битта тўхташ жойи — бурилишларни ҳам ҳисобга олган ҳолда камида 25 квадрат метр, дегани. Кўп қаватли уйда яшайдиган одамга эса камида 16 квадрат метр зарур. Боз устига, ҳар бир машина камида иккита тўхташ жойи талаб қилади — бири уй олдида бўлса, иккинчиси ишхонада. Мана шу 50 квадрат метр шаҳарнинг фаол айланмасидан чиқариб ташланган ердир».

Ортиқча шартларсиз иш берган ва бутун дунёда ўрнашиб кета олган ягона универсал усул, бу — пулли тўхташ жойларидир. Бироқ пулли тўхташ жойларини жорий этишнинг ўзи асосий мақсад бўлиб қолмаслиги лозим. Расмийларнинг «пулли парковка барча муаммоларни ҳал қилади», деган нуқтаи назари хато. Муаммонинг ечимига комплекс равишда ёндашиш зарур.

«Ҳокимликнинг вазифаси — одамларга ҳаракатчанлик (мобиллик)ни тақдим этишдир, аммо мобиллик автомобиллашганлик дегани эмас, ахир метро ва автобуслар ҳам бор», — дея таъкидлади Владимир Валдин.

Россиялик урбанист Аркадий Гершманнинг қўшимча қилишича, транспорт ечимлари «қамчи ва ширинлик усули»да ишлайди. Жамоат транспорти айнан «ширинлик» бўлиши керак.

«Агар пулли тўхташ жойларини жорий этаётган бўлсангиз, у ҳолда шаҳар бўйлаб жамоат транспортини ҳам тортишингиз керак, — деди Аркадий Гершман. — Агар сиз кўчалардан 100 та автомобилни йўқотаётган бўлсангиз, у ҳолда мана шу 100 ҳайдовчи шаҳарнинг турли нуқталаридан исталган жойига бора олиш имконига эга бўлиши лозим. Ана шунда бу «ҳавога тўланган солиқ»дек кўринмай, яхши иш беради».


Тошкентнинг турли ҳудудларида тўхташ учун тўлов баҳоси турлича бўлиши керак, чунки шаҳарнинг бир жойида тўпланиб қоладиган автомобиллар сони бошқа жойидагидан сезиларли фарқ қилади.

«Агар бу мафтункор ҳудуд бўлса, у ҳолда у ерда тўхташ учун тўлов баҳоси ҳам юқорироқ бўлиши лозим, акс ҳолда бу бепул сомса учун навбатдек бўлиб қолади — ҳеч тугамайди», — дея қўшимча қилди Владимир Валдин.

Макон неъмати ҳақида гапириларкан, бекатлар каби муҳим жамоат объектларини ҳам ёддан чиқармаслик лозим.

«Тўхташ жойлари ҳеч кимга халал бермайдиган ўринларда бўлиши керак. Тошкентда бу айниқса жамоат транспорти бекатларига тааллуқли масала. Шунингдек, ўнг қаторда чизиқсиз бўладиган тўхташ жойларини ташкил этишдан ҳам тийилиш керак», — деди Владимир Валдин.

Жамоатчиликнинг тўхташ учун тўлов жорий этилганига қарши бирламчи норозилигидан ташқари бу ташаббуснинг яна бир салбий жиҳати мавжуд. Агар ҳовлиларга кириш йўллари очиқ бўлса, пулли тўхташ жойларининг жорий этилиши мана шу ҳовлиларнинг машиналар билан тўлиб-тошишига сабаб бўлади. Бундай ҳолларда ҳовлиларга киришни чекловчи шлагбаумлар ўрнатилишини назарда тутувчи содиқлик дастурларини жорий этиш керак.

«Шунингдек, шу ерда яшовчи аҳолининг ўзи ҳам тўхташ учун тўлов қабул қилиши мумкин. Бу ҳам бир восита, масалан, Болтиқбўйида анча оммалашган. У ерда сиз машинада бировнинг ҳовлисига киришингиз мумкин, бироқ тўхташ пулли бўлади ва, эҳтимол, кўчадагидан ҳам қимматроқ бўлиши мумкин», — дея мисол келтирди Аркадий Гершман.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, пулли тўхташ жойларининг жорий этилиши шаҳар ва давлат хизматлари ва идораларининг биргаликдаги фаолияти билан таъминланиши ва назорат қилиниши керак.

«Тасаввур қилинг, масалан, агар маълумотлар базаси бир органда бўлса, у ҳар бир жаримадан унинг ўзига маълум бир суммада пул ўтказилишини сўраб ёки ўз ходимларига бепул парковка тақдим этиб, бутун тизимни ишдан чиқариши мумкин».


Нотўғри ва ўйланмай жорий этилган пулли тўхташ тизими кейинчалик унинг бекор қилинишига ва муваффақиятсиз тажриба сифатида унга бошқа мурожаат қилинмаслигига сабаб бўлиши мумкин.

Энг асосийси, мутахассисларнинг фикрича, пулли тўхташ жойларини жорий этишда уни яхши ахборот кампанияси билан таъминлаш, унинг ишга туширилишини имкон қадар кенг ва очиқ ёритиш зарур. Албатта, унинг жорий этилиши билан боғлиқ норозиликлардан қочиб қутилиб бўлмайди, уларга фақат чидаш керак.

Урбанистларнинг прогнозларига кўра, шаҳар аҳолиси пулли тўхташ жойлари жорий этилишининг илк ижобий натижаларини орадан икки ой ўтибоқ кўра бошлайди.