Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланганига 5 кун бўлган Амрилло Иноятов тизимда 2023 йилни «Коррупцияга қарши кураш йили» деб эълон қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Вазир биринчи навбатда коррупция кўп учрайдиган қатор йўналишларда уларга барҳам бериш кераклигини таъкидлади. Хусусан, ишга жойлаштириш, туғуруқхоналардаги «суюнчи пули», «кесарча кесиш» учун белгиланган ставкалар, ордер беришдаги таниш-билишчилик каби ҳолатлар мавжудлигини келтириб ўтди.

амрилло иноятов, коррупция, ссв

«Афсуски, шу ишларни амалга ошираётган айрим нопок шахслар туфайли бутун тизим шаънига доғ тушмоқда. Янги йилни тизимда Коррупцияга қарши кураш йили деб эълон қиламиз. Вазирликнинг махсус „Ишонч телефони“ ташкил этилади. Шу билан бирга, ишонч телефони сифатида ўзимнинг шахсий рақамимни ҳам киритаман», — деди Иноятов.

Бу ССВ учун янгилик эмас. Вазирликка Алишер Шодмонов раҳбарлик қилган даврда, яъни 2020 йил ҳам Коррупцияга қарши кескин кураш йили дея эълон қилинганди. Унда 2018−2019 йилларда тизимда 500 нафардан ортиқ ходим жиноий жавобгарликка тортилгани, уларнинг 114 нафари коррупциявий жиноятларни содир этгани келтирилганди.

Амрилло Иноятов 2020 йилнинг ноябрь ойидан 2022 йилнинг 30 декабригача соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 30 декабрда лавозимга тайинланган Амрилло Иноятов Янги йилга ўтар кечаси пойтахтдаги даволаш муассасаларига борган ва шифохоналардаги муаммоларни кабинетда ўтириб ҳал қилиб бўлмаслигини айтганди. Иноятовдан олдинги вазир Беҳзод Мусаев ҳам фаолиятини айнан шундай бошлаганди.