30 декабрь куни соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган Амрилло Иноятов 31 декабрь ярим тунда бемор ва шифокорлар ҳолидан хабар олиш мақсадида пойтахтдаги даволаш муассасаларида бўлди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

амрилло иноятов, беҳзод мусаев, ссв

Фото: ССВ матбуот хизмати.

«Шифохоналардаги муаммоларни кабинетда ўтириб ҳал қилиб бўлмайди. Шунинг учун тизим масъулларини жойларга жўнатаяпмиз. Ҳар биримиз ҳақиқий вазиятни ўз кўзимиз билан кўриб, ўрганиб, таҳлил қилиб, қисқа муддатда пухта ечим топиш ҳаракатидамиз», — дея таъкидлади вазир.

Байрам ва дам олиш кунлари вазирлик тизимидаги 1049 та оилавий поликлиника, 1080 та оилавий шифокор пункти, туман, вилоят ва республика шифохоналари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари, шунингдек, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали, туманлардаги 181 та шошилинч тиббий ёрдам қабул бўлими ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Иноятовдан олдин ССВга раҳбарлик қилган Беҳзод Мусаев ҳам вазир (11 ноябрда тайинланган) сифатидаги фаолиятини (13 ноябрь куни) шифохоналарни кўздан кечириш, улардаги камчиликларни ўрганишдан бошлаганди. 14 ноябрь тонгида, соат 04:30да Тошкент шаҳрида болалар ўртасида ўткир респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида Мусаев шошилинч йиғилиш ҳам ўтказганди.

Бундан ташқари, Беҳзод Мусаев ўзининг биринчи буйруғи асосида аввалги вазир Абдухаким Хаджибаевнинг буйруғи билан қўлланилган барча интизомий жазо чораларини бекор қилганди.

Ҳозирда Мусаев президент фармони билан камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири лавозимига тайинланди.