Тошкентдаги собиқ «Юбилейний» спорт мажмуаси ўрнида реконструкциядан сўнг Alpomish муз саройи очилди. Бу ҳақда Dunyo ахборот агентлиги хабар берди.

alpomish, муз саройи, юбилейний

Спорт иншооти 50 йилдан ортиқ тарихга эга. Реконструкция ишлари икки йилдан ортиқ давом этди. Мажмуа 8000 квадрат метр майдонда жойлашган ва 6000 ўринга мўлжалланган.

alpomish, муз саройи, юбилейний

Муз саройида хоккей мусобақалари, шорт-трек, фигурали учиш, кёрлинг бўйича мусобақалар ўтказиш учун шароитлар яратилган. Бундан ташқари, мажмуа ҳудудида турли спорт секциялари очилиши режалаштирилган.

alpomish, муз саройи, юбилейний

Afisha.uz нашрининг ёзишича, Alpomish 30 декабрь куни ташриф буюрувчилар учун ўз эшикларини очган. Бу ерда 19:00 дан 23:00 гача конкида учиш мумкин. Ушбу иш тартиби 8 январга қадар давом этади. 30 дақиқада чанғи учиш нархи — 30 минг сўм.

Spot.uz маълумотларига кўра, 2020 йил март ойида New Universal Development (2015 йилда ташкил этилган, устав капитали 14 млрд сўм, ягона таъсисчиси — Қосимов Баҳодир Хабибуллаевич) «Ўзкўргазмасавдо» биносини ҳукумат қарори доирасида «нол» қийматда сотиб олган. Инвестор муз саройи қурилишига 100 млрд сўм маблағ йўналтириш, 120 та янги иш ўрни яратиш мажбуриятини олган. Дастлаб, 2020 йил 1 сентябрга қадар муз саройининг ўзи, 2021 йилнинг 1 июлига қадар эса тегишли инфратузилмасини топшириш режалаштирилган эди.

«Беруний» метро бекати яқинидаги мажмуа дастлаб «Юбилейний» спорт саройи сифатида қурилган ва 1970 йилда очилган. У ерда хоккей, фигурали учиш, волейбол ва бошқа спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилган. Муз бутун йил давомида сақланиб турган. 1990-йилларда муз саройи савдо марказига, 2000 йилларда эса «Ўзкўргазмасавдо» кўргазма павильонига айлантирилди.