Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида олис ҳудудлардаги мактаблар ҳарбий прокуратура идораларига бириктирилиб, прокурорлик соатлари ташкил этилади. Бу ҳақда жума куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда айтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ҳарбий прокуратура органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳисоботи билан танишди. Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси Қуролли Кучларда ва ҳарбий тузилмаларда қонунларга риоя этилишини назорат қилади.

мактаблар, олис ҳудудлар, ҳарбий прократура

Хабар қилинишича, жорий йилда 1100 га яқин прокурор назорати ҳужжати қўлланилиб, 261 та ҳужжат қонунга мувофиқлаштирилган. 7858 нафар шахснинг ҳуқуқи тикланган. 654 нафар ҳарбий хизматчининг оила аъзолари иш билан таъминланган.

Қуролли Кучларда қурилиш дастурига киритилган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари назорат тартибида кўриб чиқилиб, 23 млрд сўмдан зиёд бюджет маблағлари иқтисод қилинишига эришилган. Ҳарбий прокурор протестларига асосан судларнинг 10 та қарори қонунга мувофиқлаштирилиб, 6 нафар шахс оқланган.

Фуқароларнинг 2 мингга яқин мурожаатлари кўриб чиқилиб, 254 таси қаноатлантирилган. Шунингдек, сайёр қабулларда 3200 нафар шахс қабул қилиниб, аниқланган муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилган.

«Ҳарбий прокуратура бу борада қонун ҳимоячиси, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда фаол тарғиботчи бўлмоқда», — дейилади хабарда.

Қайд этилганидек, ҳарбий хизматчиларга Қуролли Кучлар ҳамда бошқа соҳалардаги ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун-моҳиятини изчил етказишга алоҳида эътибор қаратилади.

Давлат раҳбари Ҳарбий прокуратура фаолиятини рақамлаштириш, инсон манфаатларини таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.