Президент танқидидан сўнг ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва транспорт вазири Илҳом Маҳкамов илк марта Тошкентдаги автобусда кўриниш бергани ҳақида хабар қилгандик.

Uzreport репортажига кўра, ИИВ раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Юнусобод туманидаги 8-сон автобуслар саройига ташриф буюрган. У ерда ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда жамоатчилик фаоллари ўртасида суҳбат ўтказилган. Эътиборлиси, мазкур тадбирга фақат телевидение вакиллари чақирилган, бошқа ахборот воситалари, жумладан, «Газета.uz»га бу ҳақда хабар берилмаган.

Мулоқот давомида ишчи гуруҳ раҳбари Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизимидаги муаммоларни бартараф этиш орқали аҳолига қулай транспорт хизмат кўрсатишини ташкил этиш мақсадида бажариладиган ишлар ҳақида гапирган.

«Мана, ҳозир [Тошкентда] жуда кўп шахсий машина бўлиб кетди. Тирбандликларни кўряпсизлар, эрталаб [соат] 08:00 дан -10:00 гача, кечқурун ишдан қайтишда умуман юриб бўлмай қолди. [Одамлар] ўзининг машинасидан кўра, жамоат транспортига минса, шунда [манзилга] тезроқ бораман, хавфсиз бораман, деб билса, албатта, мана шу тирбандликлар ҳам камаяди. Яъни [манзилига] шахсий машинасида эмас, балки жамоат транспортида, автобусларда боради», — деди Пўлат Бобожонов.

Мулоқотдан сўнг ишчи гуруҳ ва жамоатчилик вакиллари Юнусобод туманидаги бекатларга бориб, фуқароларнинг траспорт борасидаги фикрлари билан танишган.

Репортажда таъкидланишича, масъуллар аҳолининг эътирозлари қанчалик ҳақиқатлигини кўриш ва текшириш учун турли йўналишдаги автобусларга чиқиб, жараёнларни ўрганган, фуқаролар билан суҳбатлашган. Шундан кейин «Чорсу» метро бекатига ҳам тушилиб, у ердаги фаолият билан танишилган. Шунингдек, ишчи гуруҳи Чилонзор туманидаги 7-сон автобуслар саройига борган.

Қайд этиш жоиз, 13 декабрь куни Шавкат Мирзиёев пойтахтда жамоат транспортидан фойдаланадиган 1,3 млн йўловчи учун автобуслар етишмаётганини танқид қилганди. Шу куниёқ президент энг оғир йўналишларга қисқа муддатда қўшимча автобуслар қўйиш ҳамда ҳайдовчиларнинг ойлик маошларини ошириш бўйича кўрсатма берди.

Шунингдек, бош вазирга март ойигача Тошкентга 1000 та автобус олиб келиш вазифаси топширилди. Аввалроқ бунча миқдордаги автобусларни 2025 йил охиригача сотиб олиш режалаштирилганди.

Президент топшириғидан сўнг транспорт вазири Илҳом Махкамов ҳар ҳафта камида 4 кун уйдан ишга боришда автобусдан фойдалана бошлади. Буни вазирнинг ўзи эмас, балки «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Абдужамил Азизов маълум қилди.