Келгуси йилнинг март ойига қадар Тошкент учун минг дона катта сиғимли янги автобус сотиб олинади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни Учтепа тумани фаоллари билан йиғилишда маълум қилди.

«Бугун бош вазирга март ойигача Тошкентга 1000 та автобус олиб келиш бўйича топшириқ бердим. Жамоат транспортини ислоҳ қилишимиз зарур. Ютуқлар билан бирга, камчиликларимиз ҳам жуда кўп», — деди президент.

Президент ҳеч бир вилоятга Тошкент шаҳричалик имкониятлар қилиб бермаганини айтди.

«Янги метро линиялари қурмаганимизда нима бўларди? Сергелига янги йўл қурмаганимизда, тирбандлик қай аҳволга келарди? Албатта, тирбандлик бўларди», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

Йил бошида 2025 йил охирига қадар 1063 та автобус ва электробус сотиб олиш режалари ҳақида маълум қилинган эди.