Президент Шавкат Мирзиёев яна бир бор «Тошшаҳартрансхизмат» фаолиятини танқид қилди. У бунга 13 декабрь куни 18-автобус саройини кўздан кечираётган вақтда тўхталиб ўтди.

Пойтахтда кунига 1,3 млн йўловчи жамоат транспортидан фойдаланмоқда. Бироқ, пойтахтда бу соҳа ҳозирги ўзгаришлардан орқада қолмоқда.

Давлат раҳбари кўп сонли йўловчилар учун «Тошшаҳартрансхизмат» тизимида автобуслар етишмаётганини танқид ҳам қилди.

«Бу талабга жавоб бериш учун „Тошшаҳартрансхизмат“ тизимида автобуслар етишмаяпти. Борларининг ҳам кўпи эскирган. Шу сабабли йўналишларга режага нисбатан 90−100 та автобус кам чиқмоқда. Кўчаларда жамоат транспорти устуворлиги йўлга қўйилмаган. Буларнинг оқибатида йўловчилар автобусларни 20−30 дақиқагача кутишига тўғри келмоқда», — деди президент.

Унинг сўзларига кўра, бунинг учун хусусий корхоналар автобуслари ҳам жалб этилади. Уларга харажатларининг бир қисмини қоплаш учун давлат томонидан субсидия берилади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари автобуслар қатновига қўшимча қулайликлар яратади.

Қатновлар тезкорлиги ва хизмат сифатини таъминлаш, ҳайдовчиларнинг ойлик маошларини ошириш бўйича ҳам кўрсатма берилди.

Бугунги кунда «Тошшаҳартрансхизмат» тизимида 142 та йўналиш бор. Йўловчилар оқимининг кўпайиш прогнозидан келиб чиқиб, жамоат транспортининг 167 та йўналишдан иборат янги тармоғи шакллантирилган. Бу йўналишларни таъминлаш ва Тошкент шаҳрида жамоат транспортига бўлган талабни тўлиқ қондириш учун яна 1000 та катта сиғимли автобус зарур. Бу оркали автобусларнинг оралиқ интервалини 7−10 дақиқагача қисқартириш мумкин.