Транспорт вазири Илҳом Махкамов президент топшириғидан сўнг ҳар ҳафта камида 4 кун уйдан ишга боришда ёки ишдан уйга боришда жамоат транспортидан фойдаланмоқда. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Абдужамил Азизов видеомурожаатда маълум қилди.

«Албатта, транспорт вазири [Илҳом Маҳкамов] жамоат транспортидан фойдаланиб туради. Президентнинг охирги топшириқларидан кейин ҳафтасига 4 кун ё ишга, ё ишдан кейин жамоат транспортидан фойдаланаётганларини биламан», — деди у.

Муаммоли вазиятларда аҳолига мурожаат қилиш анъанасини Ўзбекистонда энергетика тақчиллиги даврида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошлаб берганди. У шахсан ўзи аҳоли орасида пайдо бўлган саволларга жавоб берганди. Ҳозирча транспорт вазирининг ўзи мурожаат билан чиқмади, бу ишни тизимдаги масъуллар қилмоқда.

13 декабрь куни Шавкат Мирзиёев пойтахтда жамоат транспортидан фойдаланадиган 1,3 млн йўловчи учун автобуслар етишмаётганини танқид қилганди. Президент энг оғир йўналишларга қисқа муддатда қўшимча автобуслар қўйиш ҳамда ҳайдовчиларнинг ойлик маошларини ошириш бўйича кўрсатма берди.

Шунингдек, бош вазирга март ойигача Тошкентга 1000 та автобус олиб келиш вазифаси топширилди. Аввалроқ бунча миқдордаги автобусларни 2025 йил охиригача сотиб олиш режалаштирилганди.

Давлат раҳбари танқидидан сўнг ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва транспорт вазири Илҳом Маҳкамов илк марта Тошкентдаги автобусда кўриниш берди. Икки вазир аҳоли билан жамоат транспорти қулайлиги ва муаммолари ҳақида суҳбатлашгани маълум бўлди.

Тармоқларда Пўлат Бобожов ва Илҳом Маҳкамовнинг бундай суратлари кутилмаган ва ноёб ҳодиса сифатида талқин этилди.

илҳом махкамов, транспорт вазири

Фото: ИИВ

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда ички ишлар вазирининг метрода кетаётгани акс этган видео тарқалди. 19 декабрь куни ҳам автобусларда ва бекатларда Тошкент шаҳар ИИБ раҳбарияти иштирокидаги видеолавҳалар пайдо бўлди.

Вазирларга ҳамроҳлик қилиш ва ҳолатни ёритиш учун журналистлар таклиф қилинмади.

19 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани ҳокимлиги туман ҳокими Фарход Абдуллаевнинг «жамоат транспортида яратилган қулайлик ва камчиликларни» ўрганаётган суратларини ҳам эълон қилди.

илҳом махкамов, транспорт вазири

Фото: t.me/uchtepahokimligi.

Шу куни Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев ҳам жамоат транспорти фаолияти билан танишди.

илҳом махкамов, транспорт вазири

Фото: t.me/Tashkent_land.