«Газета.uz» Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг пойтахт жамоат транспорти фаолиятини яхшилаш бўйича топшириғидан сўнг «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси томонидан 100 дона Isuzu автобуси харид қилингани, яна 30 дона шундай машиналар ИИВ, 25 таси эса Миллий гвардия томонидан берилганини ёзган эди. Шу билан бирга, 2018 йилнинг март ойидан бошлаб президент қарори билан ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспортини харид қилиш тақиқланган эди.

«Автобуслар мартда бўлади (президент баҳоргача 1000 та катта сиғимли автобус харид қилиш ҳақида топшириқ берган эди — таҳр.), лекин икки ярим ой давомида йўловчилар нима қилиши керак? Бу муаммони зудлик билан ҳал қилиш керак эди, шу боис ИИВ, ФВВ ва Миллий гвардия томонидан автобуслар ажратилди», — дея маълум қилди «Тошшаҳартрансхизмат» (ТШТХ) компанияси бошқаруви раиси, пойтахт транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев «Газета.uz»га.

«Isuzu — одамлар автобус бекатларида ярим соатлаб кутиб қолишмаслиги учун вақтинчалик ечим. Бу Isuzu`ларнинг кейинги фаолияти ҳам ҳисобга олинди: улар шаҳар чеккасига қатнайди, ишсиз қолмайди. Улар вилоят марказларини Тошкент билан боғлайди», — деди у.

Янги автобуслар харид қилишдан ташқари, метрога 14 та янги поездлар комплектини етказиб беришни тезлаштириш вазифаси ҳам қўйилди, дея қўшимча қилди Анвар Жўраев.

Компания раиси ўринбосари Абдужамил Азизов 2025 йилгача Тошкентдаги жамоат транспорти ҳаракат таркибини тўлиқ янгилаш режалаштирилганини таъкидлади.

Ҳуқуқ-тартибот органлари жамоат транспортига қандай ёрдам беради?

Давлат раҳбари топшириғига биноан жамоат транспорти муаммоларини ҳал этиш бўйича ташкил этилган тезкор штаб Транспорт вазирлиги, шунингдек, ИИВ, ФВВ ва Миллий гвардия раҳбарияти ва ходимларидан иборат.

Аввалроқ ТШТКга автобусларнинг техник ҳолатини текширишда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ёрдам бергани ҳақида ёзгандик. Автомобилларни таъмирлаш учун 5 млрд сўм маблағ ажратилди. Ҳуқуқ-тартибот органлари маршрутларни инвентаризация қилиш ҳамда жамоат транспортида муаммоли жойларни аниқлашда иштирок этди. ИИВ ЙҲХХ эндиликда жамоат транспортининг ажратилган йўлакларини белгилаш билан шуғулланади, шундан сўнг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш, автобусларда тўхташ қоидалари бузилишини қайд этиш учун камералар ўрнатилиши кўзда тутилган.

isuzu, анвар жўраев, жамоат транспорти, тошшаҳартрансхизмат

ТШТХ биноси олдида флуорография ва офталмолог текшируви. Бу ерда ҳайдовчилар қон таҳлилини ҳам топширмоқда.

ЙҲХХ янги автобус ҳайдовчиларини ишга олишда ёрдам бермоқда. Анвар Жўраев 1000 та янги автобус учун 2000 нафар ҳайдовчи топиб, ўқитиш зарурлигини айтди. ЙҲХХ ходимлари шаҳар йўловчи ташиш тизимида аввал ишлаган ҳайдовчиларни чақирмоқда. Суҳбатга таклиф қилинганлар ТШТХ биносида тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

«Бизга ҳар доим 300 дан ортиқ ҳайдовчи етишмасди. Шунча ҳайдовчилар юк ташишга ўтиб кетишди, чунки бизнинг маошимиз юк ташиш билан рақобатлаша олмади», — деди ТШТХ раҳбари. У ҳайдовчиларнинг маоши ошиши билан «касбнинг нуфузи кўтарилиши»га ишонч билдиради.

Анвар Жўраевнинг айтишича, Миллий гвардия автобус бекатларини инвентаризация қилишга ёрдам бермоқда. Бекатлар шаҳар ҳокимлиги балансида бўлишига қарамай, маъмурият ҳар доим ҳам камчиликларни ҳисобга олмайди. Миллий гвардия ходимлари бу масалада холис, деб ҳисоблайди ТШТХ раҳбари.