Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни пойтахтдаги 18-сонли автобазада бўлиб, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича навбатдаги топшириқларни берган, жамоат транспорти муаммоларини ҳал этиш бўйича идоралараро тезкор штаб тузилган эди.

15 декабрь куни Тошкент Транспорт бошқармаси 14 декабрда бўлиб ўтган штаб йиғилишида жорий йўналишлар, улардаги йўловчилар ташилиши, автобусларнинг мавжудлиги ва етарлича ҳайдовчилар сони ўрганилгани ҳақида хабар берди. Автопарклардаги ҳаракат таркибларини таъмирлаш тезкорлик билан бошланди.

Шу куни шаҳарга 20 дона MAN А22 русумли катта сиғимли автобус, 15 декабрда эса 100 дона кичик сиғимли Isuzu (SAZ HC40) автобуси келтирилди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2017 йил 1 декабрдаги қарори билан Ўзбекистонда 2018 йилнинг март ойидан ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини харид қилиш тақиқланган эди. Isuzu мидибуслари нафақат ногиронлар, балки умуман ҳаракатланиш имконияти чекланган барча кишилар учун ҳам мослаштирилмаган.

15 декабрдан шаҳар атрофига қатнайдиган 190-сонли Isuzu автобуслари (LE 60) 10 та MAN RR3 автбусларига алмаштирилди, Isuzu`лар эса бошқа йўналишларга ўтказилди.

190-йўналишдаги MAN автобуси. Фото: Тошкент Транспорт бошқармаси.190-йўналишдаги MAN автобуси. Фото: Тошкент Транспорт бошқармаси.

15-декабрдан бошлаб 181-сонли йўналишга 8 та, 120- сонли йўналишга 3 та ва E-1 тезкор йўналишга 5 та Yutong русумли «Ўзавтотранссервис» автобуслари жалб этилди.

Амалга оширилган ишлар натижаларига кўра, 15 декабрь ҳолатига аввалги кунга нисбатан 75 та кўп, яъни 944 та автобус йўналишга чиқарилди. 16 декабрь куни эса 1000 та автобусни йўналишга чиқариш режалаштирилган.

Тезкор штаб таркибига Ички ишлар вазирлиги ва унинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, шунингдек, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари вакиллари киритилган.

«Тошшаҳартрансхизмат»да бўлиб ўтган тезкор штаб йиғилиши. Фото: ЙҲХХ.«Тошшаҳартрансхизмат»да бўлиб ўтган тезкор штаб йиғилиши. Фото: ЙҲХХ.«Тошшаҳартрансхизмат» АЖга тегишли 8 та автобус саройлари ва йўналишларга Ички ишлар вазирлигидан 212 нафар ходим жалб этилди, дея хабар қилди ЙҲХХ 15 декабрь куни. У президент ташриф буюрган учта — 7, 8 ва 18- автобус саройлари вазирлик қарамоғига бириктирилганини маълум қилди.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ўз тасарруфидаги 30 та Isuzu русумли автобусниавтпаркларга ажратди (фотосуратлар қуйида).

ИИВ томонидан берилган Isuzu автобуслари. Фото: ЙҲХХ.ИИВ томонидан берилган Isuzu автобуслари. Фото: ЙҲХХ.Аввалроқ президент топшириғига асосан «Тошшаҳартрансхизмат» автобус ҳайдовчилари 2022 йилнинг декабрь ойидан бошлаб камида 5−6 млн сўм миқдорида ойлик маоши олишини маълум қилган эдик.

Эслатиб ўтамиз, президент юқорида тилга олинган йиғилишда бош вазир Абдулла Ариповга келаси йилнинг март ойига қадар пойтахтга 1000 та янги катта сиғимли автобуслар олиб келиш бўйича топшириқ берган эди.