Душанба куни қуйи палатанинг навбатдаги йиғилишида сўзга чиққан молия вазири Тимур Ишметов бюджет даромадларининг олтин нархларига боғлиқлиги йилдан-йилга камайишига эришилаётганини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, 2023 йил бюджети даромадлари асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, хом-ашё товарларининг жаҳон бозоридаги кутилаётган нархларига, солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар ҳамда солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштиришдан келиб чиқиб режалаштирилган.

Вазирнинг айтишича, 2023 йил учун белгиланган солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкалари фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда.

Шу билан биргаликда, республикада инвестициявий жозибадорликни ошириш мақсадида 2023 йил солиқ сиёсатини белгилашда бир қатор муҳим ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинмоқда.

Биринчидан, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш борасида солиқ ставкаларини пасайтириш ва унификация қилиш ҳамда қўшимча қулайликлар яратиш борасида қуйидагилар таклиф қилинмоқда.

«Бунда қўшилган қиймат солиғи ставкаси амалдаги 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилади. Бу солиқ сиёсатимиздаги тарихий муҳим ўзгаришдир. Солиқ ставкасининг 3 фоиз бандга пасайтирилиши натижасида тадбиркорлар ихтиёрида қўшимча 13 триллион сўм айланма маблағ қолиши кутилмоқда», деди вазир ўз нутқида.

Шу билан бирга, 2023 йилда ушбу солиқ бўйича тушумлар жорий йилга нисбатан 16 триллион сўмга кўп бўлиши прогноз қилинмоқда.

Шунингдек, тадбиркорларга қўшимча енгилликлар яратиш учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 14 та фаолият тури бўйича 4 фоиздан 25 фоизгача белгиланган ставкалари унификация қилиниб, ягона 4 фоиз этиб белгиланмоқда.

Маълумот учун, тадбиркорлар билан бўлган мулоқотда президент корхоналарни йиллик айланмасига қараб, 1 млрд сўмгача — микро, 10 млрд сўмгача — кичик ҳамда 100 млрд сўмгача бўлганини — ўрта бизнес сифатида тоифаларга ажратиш таклифини илгари сурганди. Шундан келиб чиқиб, ишбилармонларга бир қатор имтиёзлар тақдим этилади.

Бунда, ҳудуд ва фаолият турига қараб, 1 фоиздан 3 фоизгача белгиланган пасайтирилган ставкалар сақлаб қолинади.

Товар айланмаси 500 миллион сўмгача бўлган тадбиркорлар учун йилига 20 миллион сўм, айланмаси 500 миллион сўмдан юқори бўлганлар учун 30 миллион сўм миқдорида қатъий белгиланган солиқни ҳар ойда тенг улушларда тўлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Ушбу солиқ тўловчилар бухгалтерия ҳисобини юритишдан ҳамда фойдасидан тўланадиган дивиденд солиғидан озод этилади.

Шу қатори, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган кичик бизнес тоифасига кирувчи тадбиркорлар учун 1 йил давомида фойда солиғи ставкасини 2 бараварга пасайтириш кўзда тутилмоқда.

Иккинчидан, маҳаллий бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлаш учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ва базалари инфляция доирасида ёки 10 фоизга индексация қилиниши назарда тутилган. Бунда акциз солиғи ставкалари индексацияси 2023 йил 1 февралдан амалга ошириш кўзда тутилган.

Учинчидан, солиқ имтиёзларини босқичма-босқич бекор қилиш ишлари ҳам давом этмоқда.

Жумладан, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган бир қатор хизматлар бўйича қўшилган қиймат солиғидан имтиёзлар бекор қилинмоқда.

Шу билан биргаликда, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан берилган солиқ ва божхона имтиёзларини муддатлари тугаши ҳам бюджет даромадларида инобатга олинган.

Тўртинчидан, солиқ ҳамда божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 1 фоиз миқдорида ёки 9,2 трлн сўм қўшимча режа бюджет даромадларида кўзда тутилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, давлат бюджети даромадлари 232,6 трлн сўм миқдорида режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида президент тадбиркорлар билан бўлган очиқ мулоқотда 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширишни ваъда берганди.