Душанба куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқот вақтида 2023 йил бошидан ҚҚС туширилишини маълум қилди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби хабар берди.

2021 йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда давлат раҳбари бизнес учун солиқ юкини тушириш сиёсатини давом эттириб, ҚҚСни янада туширишга ваъда берганди.

«Очиқ айтишим керак, «иқтисодиёт пандемия туфайли ҳали тўлиқ тикланмади, жаҳон иқтисодиётидаги вазият яхши эмас, шу сабабли буни кейинга қолдирайлик, деб таклиф берганлар ҳам бўлди. Лекин сизларни ишонтириб айтаман: биз ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз ва 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Жорий йил 1 июлдан бошлаб бўш бино, фойдаланилмаётган ер участкасига нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш бекор қилинган эди.

Лекин аввал ошириб ҳисобланган солиқлар нима бўлади, деган савол 19 минг тадбиркорни безовта қилмоқда ва бу бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган.

«Шуларни инобатга олиб, тадбиркорларнинг оширилган солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан бутунлай воз кечсак, нима дейсизлар?», — дея тадбиркорларга мурожаат қилди давлат раҳбари.