Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ишбилармон доира вакиллари билан учрашув чоғидаги нутқида уларни қўллаб-қувватлаш юзасидан 5 та йўналишда ташаббусларни билдирди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар бермоқда.

Биринчи йўналиш — корхоналарни тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашувни белгилаш.

Бунда, корхоналар йиллик айланмаси бўйича тоифаларга ажратилади. Булар:

1 миллиард сўмгача бўлгани — микро бизнес;

10 миллиард сўмгача бўлгани — кичик бизнес;

100 миллиард сўмгача бўлгани — ўрта бизнес тоифасига киради.

Шундан келиб чиқиб 2023 йил 1 январдан бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади.

Бунда, олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақлаб қолинади.

Ёки, улар ихтиёрий равишда йилига 20−30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади.

Иккинчи тоифа, яъни айланмаси 1 миллиард сўмдан ошиб, умумий солиқ тўлаш тартибига ўтган корхоналар бир йил давомида фойда солиғини 2 баробар кам тўлайди.

«Ушбу имкониятлар 370 минг тадбиркорга енгилликлар яратади ва уларга жуда катта стимул беради», — деди давлат раҳбари.

Президент тез ўсиб бораётган юқори салоҳиятли ўрта корхоналар сонини ҳозирги 3,5 мингтадан 10 мингтага етказиш зарурлигини таъкидлади.

Бунинг учун, 2023 йил 1 январдан:

  • кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлайди;
  • мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади;
  • соддалаштирилган солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботлари жорий этилади;
  • давлат харидларида 20 фоиз квота ўрнатилиб, ушбу харидлар доирасида уларга олдиндан 50 фоиз маблағ тўлаб берилади (амалда 15 фоиз).