Фарғона вилоятилик блогер Олимжон Ҳайдаров Ўзбекистон туман суди томонидан митинглар ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганлик, ёлғон ахборот тарқатишда айбланиб, унга нисбатан БҲМнинг 70 баравари (21 млн сўм) миқдорида жарима солинган суд қарори устидан апелляция шикояти берди. Бу ҳақда у Facebook-саҳифасида маълум қилди.

Декабрь ойи бошида Олимжон Ҳайдаров Фарғона вилоятидаги Albus гипс заводи ходимлари туман ташкилотларида газ узилиши туфайли 10 минг аҳоли ишсиз қолганини даъво қилган видеони эълон қилган эди. Заводнинг етти нафар ишчиси безорилик, йиғилишлар, митинглар ёки намойишлар ўтказиш тартибини бузганлик айби билан 5−10 суткага қамалди (МЖТКнинг 201-моддаси асосида).

Фарғона вилоят ИИБ матбуот хизмати блогер завод ишчиларига намойиш ўтказиш ва видеомурожаат ёзишни таклиф қилган, жараённи режалаштириш ишларида иштирок этганини маълум қилди. Бошқарма Ҳайдаровнинг айрим корхоналарнинг (жумладан, Knauf) амалдорларга алоқадорлиги борлиги, уларни «раҳнамоликка олгани»ни айтиб, ёлғон ахборот тарқатганликда айблади.

Блогер ҳар икки айбловни ҳам инкор этди. «Бу ерда 201-моддага асос муҳокамаларга сабаб бўлган видеони тайёрлаш, уларга гап ўргатиш, видеога олиб тарқатиш айбини қўйишди, ваҳоланки шу куни уйда бўлганман. Лекин қандайдир йўллар билан менга қарши аризалар олинган», — деб ёзди блогер.

Олимжон Ҳайдаров 202−2-модданинг 2-қисми (Жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш) у постида «Шўрсувда 10 000 нафар одам ишлайди» ва «Knauf очилишига бош вазир Арипов келган, одамлар бу заводни бош вазирга алоқаси бор дейишмоқда» деган гаплари асос бўлганини таъкидлади.

«Суд ҳаммани эшитиб чиқди. Икки модда бўйича ҳам айбдор деб топди. Бугун шуни ҳис қилдимки, материаллар жарима учун эмас, айнан 15 суткага тиқиш учун мўлжаллаб тайёрланган», — дея таъкидлади у.

Блогер суд ҳукмидан норози экани ҳамда қарор устидан апелляцияга беришини маълум қилди.

Шунингдек, у Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (AOKA) фаолиятини ҳам танқид қилди.

«Кечаги бўлган ҳолат — Ўзбекистон туманида айнан журналистик фаолият олиб бораётганимда менга қилинган ҳаракат — бу тўғридан тўғри сўз эркинлини тўлиқ бўғишга бўлган ҳаракатдир. Мени ҳеч қандай асос, сабабларсиз журналистик фаолият — журналистик суриштируви ўтказаётган жойимдан куч билан олиб кетилишим, аввалдан менга нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар билан аризалар тайёрлаб қўйилгани, ҳеч қандай қонуний асос бўлмасада мен ва операторимни 7 соат ИИБ биносида ушлаб турилганимиз — бу сўз эркинлигини бўғишдан бошқа нарса эмас», — деб ёзди у.

Муносабатлар

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистонда йиғилишлар, митинглар ёки намойишлар ўтказиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик борлигига қарамасдан, ҳалигача уларни ўтказиш тартиблари мавжуд эмаслиги ҳақида ёзган эди. Буни, хусусан, ўтган йили собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам тан олган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам 14 декабрь куни йиғилишлар, митинглар ва намойишлар ўтказиш тартиби йўқлиги ҳақида ёзди.

«Суддан илтимос қиламиз: бошқалар ҳам тартибни бузиб қўймаслиги учун ўша ўзларига маълум «йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби»ни бизларга ҳам маълум қилиб, тушунтириб беришсин», -деди у.

«Амалда ушбу тартибнинг ўзи бўлмагач, уни бузиб бўлмайди. Бузиб бўлмагач, жазо бериш ҳам мумкинмас. Жазо берилган тақдирда ҳам бу ноқонуний бўлиб, суд томонидан адолатсиз қарор қабул қилиш ҳисобланади», — деб ёзди парламентарий.

Адвокат Абдумалик Абдуллаевнинг маълум қилишича, МЖТКнинг 201-моддаси (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) бланкет диспозицияли ҳисобланади, сабаби «йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби»ни бузиш белгилари моддада тўғридан тўғри белгиланмаган.

Ички ишлар вазирлиги 2019 йил июнь ва 2021 йил август ойларида «Митинглар, йиғилишлар ва намойишлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини эълон қилди. Версиялар бир-биридан фарқ қиларди. Иккинчисида тадбирларни иш вақтида, икки соат ичида ва маъмурий бинолардан 300 м дан яқин бўлмаган масофада ўтказиш таклиф қилинди. Ўтказиш учун ариза бериш муддатини 15 иш куни қилиб белгилаш таклиф қилинди. Қонун ҳали қабул қилинмаган. Унинг депутатлар муҳокамаси ҳақида хабар берилмаган.

Абдумалик Абдуллаевнинг фикрича, МЖТКнинг 202−2-моддаси бўйича айблаш учун ахборотнинг «ёлғонлигини тасдиқловчи барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилган бўлиши шарт».

«Шундан сўнг, агар ҳар бир маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги фактлари исботланган ва ўз навбатида бунга блогернинг дахлдорлиги аниқланган бӯлиши керак», — деб ёзди у.

МЖтКга 202−2-модда 2020 йилнинг декабрида киритилган. Ўшанда Жиноят кодексига ҳам «Ёлғон ахборот тарқатиш» моддаси киритилганди.