Венгриянинг «ОТP Bank»и жорий йилнинг III чораги якуни бўйича берган ҳисоботида, томонлар октябрь ойида имзоланган англашув меморандуми орқали банкнинг хусусийлаштириш жараёни қайта тикланганини маълум қилди.

«Биз жараённи қайта бошладик ва ҳозирда тасдиқловчи текширув жараёнини амалга оширяпмиз. Катта эҳтимол билан битим амалга ошиши кутилмоқда…[чунки] биз бундан жуда манфаатдормиз. Айниқса, „Ипотека-банк“ инвестициялар учун жозибадор имкониятга эга деб ҳисоблаймиз», — дейди банкнинг молиявий ва стратегик бош директори.

Маълумот учун, Венгриянинг «ОТP Bank»и жорий йилнинг апрель ойида Россия-Украина уруши сабаб «Ипотека-банк»нинг хусусийлаштириш бўйича тўловларни бир неча ойга ортга суриш учун мурожаат қилганди.

Россиянинг Украинада олиб бораётган махсус операцияси сабаб «ОТP Bank» 30% зарар кўргани ортидан Венгрия томон ипотека тўловларини бироз муддатга кечиктиришни сўраган. Тўлов шартлари ўзгариши ҳақида маълумот берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 25 июндаги тегишли қарорига мувофиқ, «Ипотека-банк» устав капиталидаги давлат улуши 2022 йилга қадар 50 фоиздан камайтирилиши белгиланганди. Бунда банк Халқаро молия корпорацияси иштирокида хусусийлаштирилиши кўзда тутилган.

2020 йилнинг июлида Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сияртонинг Тошкентга ташрифи чоғида «ОТP Bank» нинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши маълум бўлди. 2021 йилнинг февралида «ОТP Bank» Ўзбекистондаги банклардан бирини хусусийлаштириш жараёнида қатнашиши хабар қилинган эди.

Ўша йилнинг сентябрь ойида Венгриянинг «ОТP Bank» банки «Ипотека-банк» давлат улушининг 75 фоизини сотиб олиши ҳақида Иқтисодий форумда бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилганди.

Шунингдек, вазир шу йилги иккинчи иқтисодий форумда кейинги беш йил давомида Ўзбекистонда давлат улуши бўлган фақатгина битта банк қолиши, ва катта эҳтимол билан унда қанчадир миқдорда муомаладаги акциялар бўлиши мумкин эканини айтиб ўтганди.