16 июль куни Венгрия ташқи ишлар ва ташқи савдо вазири Петер Сийярто бошчилигидаги делегация Тошкентга ташриф буюриб, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, энергетика вазири Алишер Султонов ва ҳукуматнинг бошқа аъзолари билан учрашувлар ўтказди.

Энергетика вазирлигида бўлиб ўтган музокаралар давомида Петер Сиярто Венгрия энергетика соҳасида, хусусан, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги қошидаги «Ўзатом» агентлиги ҳамда Венгриянинг ядро энергетикаси соҳасидаги MVM Paksi Atomeromu Ltd. илмий маркази даражасида атом электр станциясини қуриш ва ядро энергетикаси соҳасида илмий алмашинув соҳасидаги ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, Венгриянинг ENIOX компанияси томонидан йирик иссиқлик станцияларида, шунингдек, АЭСда муваффақиятли қўлланилаётган қайтадиган сувларни совутишнинг «қуруқ» усулидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди. ENIOX компанияси ушбу лойиҳада иштирок этган тақдирда, Венгрия Эксимбанки томонидан 130 млн еврога тенг қийматда молиялашга тайёр эканлиги билдириб ўтилди, дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Бундан ташқари, Венгерия ўзбекистонлик талабалар учун квота миқдорини 30 тадан 100 тагача кўпайтиришни, унинг доирасида Будапешт политехника унверситетида атом энергетикасини ўрганиш дастурини жорий эишни таклиф қилди.

«Ўзбекистон 24» телеканалининг хабар беришича, ҳозирда Ўзбекистонда Венгриянинг Debrecen университети филиалини очиш режалаштирилмоқда.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлидаги учрашувда томонлар Ўзбекистонда Венгриянинг «ОТП банки» филиалини очиш истиқболлари, шунингдек Венгрия Эксимбанки маблағларини жалб этган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ташқи ишлар вазири билан бўлган музокараларда ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасидаги ҳамда «Ўзбекистон — Венгрия — Европа иттифоқи» шаклидаги Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалалари бўйича ҳам фикр алмашдилар.

Ноябрь ойида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг олтинчи йиғилиши ва икки мамлакат бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилган.