Венгриянинг ОТP Bank`и Ўзбекистоннинг «Ипотека-банк»ини хусусийлаштиришда иштирок этади, дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев. Президент ушбу мавзуга 30 март куни бўлиб ўтган ўзбек-венгер кенгайтирилган форматдаги музокаралар вақтида тўхталиб ўтди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

«Венгриянинг ОТP банки Ўзбекистоннинг «Ипотека банк»ининг давлат улушини хусусийлаштиришда иштирок этишини бошлаганини қизғин қутлаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев, Венгрия бош вазири Виктор Орбанга мурожаат қила туриб.

Давлат раҳбари ушбу масала юзасидан томонлар «жиддий келишиб олган»ини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сешанба куни банклар раҳбарлари билан тор доирадаги учрашувда режалар ва истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинган. Президент бироз муддат ўтгач, реал натижалар қайд этила бошлашини айтди.

Венгриянинг «ОТP Bank`и Ўзбекистон бозорига кириб келиши 2020 йилнинг июлидаёқ маълум бўлган эди. Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сияртонинг Тошкентга ташрифи чоғида сўз очилган эди. Жорий йилнинг февралида ОТP Bank Ўзбекистондаги банклардан бирини хусусийлаштириш жараёнида қатнашиши хабар қилинган эди.

2019 йилнинг июнь ойида «Ипотека-банк»нинг устав капиталидаги давлат улуши 2022 йилнинг якунига қадар 50 фоиздан камроқ бўлиши кутилаётгани таъкидланганди. Банк Халқаро молия корпорацияси иштирокида хусусийлаштирилиши ва трансформация қилиниши кўзда тутилган.

OTP Group («Группа OTP», BSE: OTP, LSE: OTPD) — молия, суғурта, инвестиция ва банк бизнеси билан шуғулланувчи банк гуруҳи — активлар ва лизингни бошқаришдан тортиб, пенсияларни молиялаштиришгача бўлган соҳаларда фаолият юритади.