Бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров 3 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган иккинчи Халқаро иқтисодий форумда Ўзбекистоннинг беш йилдан кейин қандай бўлиши ҳақида сўзлаб берди.

Америкалик журналист ва бошловчи Раян Чилкот бош вазир ўринбосарига юзланиб, савол берди:

«Тасаввур қиламиз, мен салоҳиятли инвесторман. Ўзбекистондаги иқтисодий форумда иккинчи бор қатнашяпман, барчаси ажойиб ўтди, айниқса палов жуда мазали эди. Аммо, мен ҳалигача Ўзбекистонга сармоя киритиш керакми ёки йўқми, ишончим комил эмас. Инвесторларни ҳозир Ўзбекистонга сармоя киритишга энг қулай вақт эканлигига ишонтириш учун яқин 5 йил ичида мамлакатда қандай ўзгаришлар бўлиши ҳақида нима дея оласиз?»

Жамшид Қўчқоров жавоб беришга тайёрланаётган вақтда журналист ҳазиломуз тарзда «Агар шундай қийин саволлар берсам, бу менинг форумдаги сўнгги иштироким бўлади, шекилли», дея қўшимча қилди.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон иқтисодиёти 5 йил ичида янада «яшилроқ» бўлишига умид билдирди. «Ўша вақтга қадар биз барча эски электр станцияларини алмаштирамиз. Иккинчидан, давлат улуши бўлган фақатгина битта банк қолади. Эҳтимол, унда қанчадир миқдорда муомаладаги акциялар бўлиши мумкин».

«Биласанми…, Раян, сени келаси сафар таклиф этмаймиз… Менга осон саволлар бер, қачон туғилганим, қайси университетни тамомлаганим ҳақида сўра», — дея жавоб берди вазир олқиш ва залдаги кулги садолари остида.

Журналист ҳам жавобан ҳазиллашиб: «Биринчи саволимда, эсингизда бўлса, келаси йил нимага кафолат бера оласиз, деб сўрагандим. Биз эса жавоб олдик: мен кейинги форумда бўлмайман» (кулиб).

Сўнгра бош вазир ўринбосари 2022−2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясида белгиланган иқтисодий мақсадларга тўхталиб ўтди.

«[Стратегия] барча йўналишларни қамраб олади. Ҳар бир соҳа учун аниқ мақсадлар қўйилган. Биз иқтисодчимиз, шунинг учун биз биринчи навбатда ялпи ички маҳсулотга эътибор берамиз. Мақсадимиз ЯИМ ҳажмини [беш йил ичида] — 100 миллиард долларга етказишдир ва биз бунга эришамиз, деб умид қиламиз. Шунингдек, қашшоқлик даражасини икки баравар қисқаради. Аҳоли жон бошига ЯИМ 2800 долларни ташкил қилади. Бу нимани англатишини шу ерда ўтирган ҳар бир киши билади: 100 миллиард доллар — бу шунчаки чиройли кўрсаткич эмас», — деди у.

Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, жорий йилнинг ўзида аҳоли жон бошига ЯИМ 2000 доллардан ошади.

«Бу халқимизнинг кўп йиллик машаққатли меҳнати самарасидир. Менимча, бу кўрсаткични 2800 долларга етказиш яхши натижа бўлади. Шундан сўнг мақсадимиз — 4000 доллар», — деди у.

Бош вазир ўринбосари Тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқишда форумда қатнашаётган халқаро экспертлар жалб этилгани, уларнинг тавсия ва маърузалари инобатга олинганини қўшимча қилди. «Шунинг учун мен шуни айтардимки, бу бизнинг қўшма стратегиямиз. Биз шу йўналишда ҳаракат қиламиз», — дея хулоса қилди у.

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Анна Бьерде Ўзбекистонда қисқа вақт ичида бошқа давлатларга қараганда кўпроқ ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп, айрим ислоҳотлар эса бошқаларга қараганда секинроқ кетмоқда. Масалан, кичик корхоналарни хусусийлаштиришда муваффақиятга эришилди, лекин бу ўрта ва йирик давлат корхоналари ҳамда банкларга тааллуқли эмас.

«Биз бунинг учун катта тайёргарлик ишлари олиб борилиши керак, лекин ҳозир ҳақиқатан ҳам давлат корхоналари ва банкларини хусусийлаштириш ва таркибий ўзгартиришга эътибор қаратиш вақти келди, деб ўйлаймиз», — деди у.

Анна Бьерде инсон капиталини ривожлантириш лойиҳалари, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларини ислоҳ қилишдаги камчиликларга ҳам тўхталди.

Жаҳон банки вакили қайд этишича, кам сонли давлатлар бозор иқтисодиётига тўлиқ ўтиб, ЯИМ миқдорини оширди ва иқтисодиётда хизмат кўрсатиш сектори улушини кўпайтирмаган ҳолда, нисбатан юқори даромадли мамлакатга айланди.

«Аслида, Ўзбекистон бошқа мамлакатларга нисбатан [хизмат кўрсатиш соҳасининг ЯИМдаги] ҳиссаси ҳайратланарли даражада паст — бу тахминан 30 фоизни ташкил қилади. Европа ва Марказий Осиёда бу ўртача 50 фоиздан кўпроқ. Ҳатто Марказий Осиё мамлакатларида ҳам бу кўрсаткич юқорироқ», — дейди у.

Аввалроқ, «Газета.uz» Анна Бьерденинг иқтисодий форум арафасидаги мақоласини эълон қилганди. Унда ЖБ вакиласи камбағалликни 2 бараварга қисқартириш ва аҳоли жон бошига даромади ўртача бўлган мамлакатларнинг юқори қисмига кириш учун ислоҳотлар мувофиқлаштирилиши ва босқичма-босқич амалга оширилиши зарурлиги ҳақида ёзганди.