Қўқон шаҳар ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида тенгдошлари калтаклаши оқибатида 14 ёшли бола вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Бекмурод Абдуллаев ўз фикрларини билдириб ўтди, дея ёзмоқда ЎзА.

Вазир ўринбосари ҳодиса тизимнинг кечирилмас хатоси бўлганини тан олар экан, бир йил олдин «Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари тўғрисида»ги низомни ишлаб чиқишда бош-қош бўлгани ҳақида гапирди.

«Бир норасидани вояга етказиш қанча машаққат талаб этади?! Эсласам, ҳамон юрагим оғрийди. Бу ҳолат ҳақиқий совуққонлик бўлди. Хатога йўл қўйган ходимлар қамоққа олинди. Ўзим бошчилигимда аттестация комиссияси ташкил этилди. Ходимлар тўлиқ шаҳодатлашдан ўтади. Бир йил олдин Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари тўғрисида»ги низомни ишлаб чиқишда бош-қош бўлганмиз. Масъулиятни бўйнимизга олганмиз», — деди Бекмурод Абдуллаев.

«Президентга мазкур тизимни „ипидан игнасигача“ тўғри ташкил этиш учун сўз берганмиз. Президент олдида ҳам уятлимиз. Ишонинг, агар шу боланинг ҳаётини сақлаб қолиш учун, керак бўлса, мен ҳеч иккиланмай, ўз лавозимимдан воз кечардим», — деди вазир ўринбосари.

Унинг таъкидлашича, Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларини ташкил этишдан мақсад ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар назоратисиз ва қаровисиз қолган, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволдаги оилаларда яшаётган, давлат ва жамоатчилик ёрдамига муҳтож бўлган вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича фаолиятни самарали ташкил этиш ҳисобланади.

Ҳодисадан бир муддат ўтиб, Фарғона вилояти ИИБ воқеа сабаб 2 нафар ИИО ходими ишдан бўшатилгани ҳақида хабар қилди. Бундан ташқари, маркази раҳбари ҳам ишдан олинган. Хизмат фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун 3 нафар ходимга «ҳайфсан» интизомий жазоси тайинланган.

4 нафар ходимнинг эса лавозимига лойиқ ёки нолойиқлигини аниқлаш мақсадида навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши белгиланган. Орадан вақт ўтиб, икки нафар собиқ ИИБ ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.