Фарғона вилояти прокуратураси 14 ёшли вояга етмаган шахс ички ишлар муассасасида вафот этганлиги ҳолати юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари амалга оширилаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Жиноят иши доирасида 2 нафар собиқ ички ишлар идораси ходимлари ўзларига юклатилган вазифаларига совуққонлик билан қараб, ўз мажбуриятларига лоқайдлик ва виждонсизларча муносабатда бўлган. Оқибатда марказда сақланаётган вояга етмаган Р.Абдусатторов (марҳум) икки нафар вояга етмаган тарбияланувчилар томонидан кун давомида мунтазам равишда уриб-дўппосланиб, унга оғир даражадаги тан жароҳатлари етказилган ва унинг ўлимига сабабчи бўлганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан собиқ ИИБ марказ тарбиячиси ҳамда навбатчилик сменаси инспектор-навбатчиси Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми «а» банди (мансабга совуққонлик билан қараш) билан гумон қилинувчи сифатида жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 226-моддаси тартибида ушланди. Икки нафар собиқ ИИБ ходимларига нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Эслатиб ўтамиз,14 ёшли ўсмир Қўқон шаҳар ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида тенгдошлари калтаклаши оқибатида вафот этганди.

YouTube`даги канал муаллифи Олимжон Хайдаровнинг айтишича, ўсмир Қўқон шаҳар ИИБнинг узоқ вақтдан бери жиноят содир этиб келган бир неча ўсмирлар ҳам бўлган Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган. Қайд этилишича, бир гуруҳ ўсмирлар уни калтаклаган ва мазах қилган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига «бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши» сабаб бўлганлиги кўрсатилган. Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 18 октябрь куни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида, жиноятга бевосита алоқадор икки нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Орадан вақт ўтиб, Фарғона вилояти ИИБ хабар қилишича, воқеа сабаб 2 нафар ИИО ходими ишдан бўшатилган. Бундан ташқари, маркази раҳбари ҳам ишдан олинган. Хизмат фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун 3 нафар ходимга «ҳайфсан» интизомий жазоси тайинланган. 4 нафар ходимнинг эса лавозимига лойиқ ёки нолойиқлигини аниқлаш мақсадида навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши белгиланган.