Қўқон шаҳар ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида тенгдошлари калтаклаши оқибатида 14 ёшли боланинг вафот этгани юзасидан Фарғона вилояти ИИБ ҳолат юзасидан тайинланган хизмат текшируви якунланди.

Аввалроқ ўша кунда навбатчилик қилган 2 нафар ИИО ходими тарбияланувчиларни назоратсиз қолдириб, жанжалнинг олдини олмагани учун ишдан олинганди. Якунланган текширув хулосаларига кўра, ушбу марказ бошлиғи ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, хизмат фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун 3 нафар ходимга «ҳайфсан» интизомий жазоси тайинланди. 4 нафар ходимнинг эса лавозимига лойиқ ёки нолойиқлигини аниқлаш мақсадида навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 16 октябрь куни Фарғонадаги бозорда ўғрилик қилмоқчи бўлган 14 ёшли ўсмир қўлга олиниб, Қўқон шаҳар ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган. Эртаси куни у шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.

YouTube`даги канал муаллифи Олимжон Хайдаровнинг айтишича, ўсмир Қўқон шаҳар ИИБнинг узоқ вақтдан бери жиноят содир этиб келган бир неча ўсмирлар ҳам бўлган Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган. Қайд этилишича, бир гуруҳ ўсмирлар уни калтаклаган ва мазаҳ қилган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига «бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши» сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 18 октябрь куни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида, жиноятга бевосита алоқадор икки нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.