Ўзбекистонда совуқ кунлар бошланиши биланоқ, электр энергияси ва газ таъминотида узилишлар кузатилиши анъанага айланган. Бироқ бу йил янада ўзгача ҳолат юзага келди, яъни вилоятлардан ташқари, пойтахт Тошкентда ҳам газ ва свет тез-тез ўча бошлади. Жорий йилдаги биринчи қалин қорнинг ўзидаёқ мамлакатнинг энерготаъминотида инқироз юзага келди.

Энергетика вазирлиги мазкур вазиятни — аҳоли сони шиддат билан ошиб бораётгани ва ишлаб чиқариш кескин тушиб кетгани билан изоҳламоқда. Бунинг ортидан аҳоли орасида, айниқса, ижтимоий тармоқларда норозиликлар тинмаяпти, фаолияти чекланган газ «заправка»лар ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. Аҳвол шундайки, ҳатто кўчаларда чироқларнинг айримлари ҳам ўчирила бошлади.

Мазкур муаммоларни ҳал этиш мақсадида 7 декабрь куни президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков Энергетика, Иқтисодий тараққиёт ва Инвестициялар вазирликларида штаблар ташкил этилди. Ишдаги камчиликлар учун «Миллий электр тармоқлари» бошқаруви раиси, «Ҳудудий электр тармоқлари» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, Қашқадарё ҲЭТК филиали директори ва «Тошшаҳарнур» ДУК раҳбарига ҳайфсан берилди.

Мазкур воқеалар ортидан «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов яқин қўшни ва узоқ ҳамкор давлатларда электр энергияси ва газ билан боғлиқ вазият қандайлигига қизиқди. У дунёнинг турли нуқталарида яшаётган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди. Хўш, йирик мегаполисларда ҳам тез-тез энергия таъминотида узилишлар бўлиб турадими? Йирик шаҳарлар аҳолининг энергияга бўлган эҳтиёжини қандай таъминламоқда?

Эслатма: суҳбатдошларнинг билдирган фикрлари бўйича вазият ўша давлатнинг бошқа ҳудудида умуман акс кўринишда бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Қирғизистон

Ўшлик журналист Шоҳрух Соиповнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда Қирғизистонда ҳам электр энергиясида узилишлар кузатиляпти. Аммо газ билан боғлиқ муаммо йўқ.

«Мамлакатда электр энергияси билан боғлиқ муаммо совуқ тушганда: қиш ойларида бошланади. Асосан, чекка ҳудудларда электр симларнинг узилиши, таъмирлаш ишлари натижасида чироқлар ўчиш ҳолатлари кузатилади. Бугунги кунда вилоят ва туман марказларида ҳам график бўйича кунига икки, уч соатдан свет ўчмоқда. Баъзи жойларда бу 4−5 соатгача чўзиляпти», — деди Шоҳрух Соипов.

Унинг сўзларига кўра, мутасаддилар буни электр энегрияни тежаш билан изоҳламоқда. «ОАВда, айниқса, телевидение орқали аҳолини электрни тежаб ишлатишга чақирмоқда. Шу билан бирга ҳукумат қишда ҳам свет таъминотида муаммо бўлмаслигини айтмоқда. Буни вақт кўрсатади», — деди у.

Нидерландия

Феруза Шосаидова олти йилдирки, Нидерландиянинг катталиги жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи Роттердам шаҳрида оиласи билан истиқомат қилади. У Роттердамда ҳали бирор марта электр ҳам, газ ҳам ўчганини эшитмагани ёки ўзи гувоҳи бўлмаганини таъкидлади.

«Аҳоли қишин-ёзин узлуксиз таъминланади. Ҳаво меъёридан ортиқ совиб кетиши бу борада муаммо туғдирмайди, мутасаддилар олдиндан тайёргарлик кўради. Бу мамлакатда баҳор ойлари бошида кучли шамол бўлиб, ёмғир ёғиши одатга айланган. Шундай бўлса-да, газ ва электр энергиясида узилиш ҳолатлари кузатилмайди», — деди у.

Унинг таъкидлашича, Россия ва Европа муносабатлари кескинлашиши оқибатида газ нархи 2−3 баробарга қимматлаган.

«Ҳукумат куз ўрталарида аҳолидан камроқ газдан фойдаланишни, уйдаги ҳароратни ҳаддан зиёд ошириб юбормасликни тавсия қилди. Лекин масъуллар куз охирларида ҳаво ҳароратининг пасайгани боис фуқаролар хонадон ҳароратини беихтиёр кўтаришга мажбур бўлишини, бу аҳолига ўтган йилга нисбатан анча қимматга тушиши (газ нархи баландлаб кетиши)ни ҳисобга олиб, чегирма сифатида ҳар бир хонадонга ишлатган гази суммасининг маълум қисмини тўлаб берадиган бўлди. Ҳозирча икки ойлик тўлов амалга оширилди», — деди Феруза Шосаидова.

Ватандошнинг таъкидлашича, ҳар бир хонадон кўрсатилган коммунал хизматлар учун ойма-ой тўлов қилиб боради ва бу йил якунида ҳисоб-китоб қилинади. Агар йил давомида тўланган сумма ишлатилган газ, сув ва электр энергияси қийматидан ошиб кетса, ортиқча маблағ қайтариб берилади. Аксинча бўлса, оила қолган қисмини йил охирида тўлаши шарт. «Хуллас, давлатни ҳаққи сизда, сизнинг ҳаққингиз ҳукуматда қолиб кетмайди», — деди у.

Унинг қўшимча қилишича, уйлар турли йўллар билан иситилади. Айрим фуқаролар бойлердан, бошқалар эса қуёш панелларидан фойдаланади. Ҳар бир уйда электрон термометрлар ўрнатилган бўлиб, аҳоли бошпанасини ўзи хоҳлаган температурада иситиб яшайди.

Миср

Тўрт йилдан бери Қоҳирада яшаётган Муроджон Жалилов Миср пойтахтида электр энергияси билан боғлиқ муаммони кўрмаганини айтди.

«Бир неча маротаба беш-ўн дақиқага техник носозлик туфайли ўчганини эслайман. Аммо мунтазам равишда ҳеч қачон ўчмаган, электр энергияси билан боғлиқ муаммони ҳали кўрмадим. Ўзим Қоҳирада яшасам-да, чекка қишлоқларга бориб тураман. У ерларда ҳам электр энергияси бўйича муаммога гувоҳ бўлмаганман», — деди у.

Унинг айтишича, истеъмолчининг газ ёки электр энегрияси ҳисоблагичида пули бўла туриб, узилиш ҳолати кузатилса, мутасаддилар ижтимоий тармоқлар орқали албатта, аҳолидан узр сўрайди.

Германия

Самарқандлик Дилбар Ғаффорова оиласи билан Марбург шаҳрида яшайди. Унинг айтишича, Германияда уйлар шундай қурилиб, таъмирланадики, ташқарида кучли совуқ бўлишига қарамай, хонадон ичидаги ҳарорат бир маромда сақланиб туради.

«Бу давлатда 2011 йилдан буён яшаб келаётган бўлсам, бир марта электр энергияси таъминотида узилиш кузатилган холос. Ўшанда шаҳардаги катта бир корхонада ёнғин чиққан, қурилиш, таъминот ишлари сабаб мутасаддилар аҳолини олдиндан огоҳлантириб, чироқни ярим кун давомида ўчирган. Шундан сўнг узилиш ҳолатлари бўлгани йўқ», — деди ватандош.

Дилбар Ғаффорованинг ҳикоя қилишича, германияликлар азалдан жуда тежамкор халқ ҳисобланади.

«Немисларнинг уйлари қишда ёз ойларидек юқори даражада иссиқ бўлмайди. „Қишда одам сал қалин кийиниб юриши табиий, уй ичида ёздагидек енгил кийиниш шарт эмас“, дейди кўплаб аҳоли. Бу мамлакат одамлари жуда тежамкор. Уй ичида кечаси шам ёқиб, дам олишни ёқтирувчилар кўп. Чироқларни ҳам зарур бўлганда ёқишади, беҳудага ёниб турмайди», — деди Дилбар Ғаффорова.

Россия-Украина ўртасидаги геосиёсий вазият ортидан Германияда ҳам газ нархи ошган. Ҳукумат аҳолига уйда ортиқча хоналар ва ертўлаларда газ ёқмаслик таклифини берган. «Бу — мажбурият эмас, маслаҳат», — деди у.

Ватандошнинг сўзларига кўра, Германияда аҳолига электр энегриясини тақдим қиладиган давлат ташкилотларидан ташқари, кўплаб хусусий компаниялар ҳам бор. Одамлар ўзига маъқул келгани билан шартнома тузади. Компания билан шартнома имзоланаётганда, уйнинг ҳажмига қараб, бир йилда сарфланадиган электр энергиясидан келиб чиққан ҳолда нарх белгиланади.

«Масалан, беш хонали хонадон учун ойига 100 евро тўлов қилишга келишилади. Уй эгалари йил давомида ҳар ойда 100 евро ўтказиб боради. Йил якунида ҳисоблагичдаги кўрсаткич бўйича ҳисоб-китоб қилинади. Хонадон кўп тўлов қилган бўлса, компания ортиқачасини қайтариб беради. Аксинча, биз кўпроқ ишлатган бўлсак, яна қўшимча тўловни амалга оширамиз. Агар аҳоли тўлов қилмаса, унинг уйига қайтиб электр энергияси берилмайди ёки компания ҳаққини суд орқали ундириб олади. Германияда хонадон ҳисоблагичида пул тугаб қолса, свет, газ, сув ўчириб қўйилмайди. Умумий йил охирида тафтиш қилинади», — деди у.

Германияда истиш тизимлари турлича. Қишлоқ аҳолисининг баъзилари тош печлар (камень) ишлатса, аксарияти умумий истиш тизимидан фойдаланади.

«Катта шаҳарларда газ билан ишлайдиган умумий истиш тизими мавжуд. Электр энергияси билан иситиладиган уйлар ҳам бор. Ҳозирги пайтда қуёш панелларини ўрнатиш урфга кирмоқда. Шунингдек, ер қаъридан иссиқлик олиш усули ҳам кенгаймоқда. Бу жуда қиммат тизим, лекин давлат фоизсиз кредитлар бериш орқали аҳолини қўллаяпти. Аслида бу усул жуда кам давлатларда бор, ҳали глобал тарзда ривожлангани йўқ», — деди Дилбар Ғаффорова.

Италия

Генуя шаҳрида яшаётган Бобуржон Тоҳировга кўра, икки хил иситиш тизими мавжуд. Эски кўп қаватли уйларда марказий иситиш тизими йўлга қўйилган бўлса, янги қурилаётган уйларларда эса газ бойлерларидан фойдаланилади.

«Беш йилдан бери Италияда яшасам, ҳали бирор марта электр энергиясининг ўчиб ёки узилиб қолиши кузатилмаган. Агар тузатиш-таъмирлаш ишлари ўтказилса, камида бир ҳафта олдин аҳолига хабар берилади. Яъни, икки соат ичида газ ёки светда узилиш бўлади, дея огоҳлантирилади», — деди у.

Унинг қайд этишича, Италияда электр энергияси жуда қиммат, аҳоли тежаб ишлатади.

«Бу давлатда электр энергияси учун турли тарифлар бор. Таъминотчи билан шартнома тузаётганда фуқаро ўзига маъқул келганини танлайди. Масалан, эрталаб соат 08:00 дан кечки 20:00 гача битта нарх, кечки 20:00 дан тонги 08:00 гача бошқа битта нарх қилиш мумкин. Ўзбекистонда олдинлари уяли алоқа операторлари шунақа тарифларни тақдим қиларди: кечқурун соат 00:00 дан кейин арзонроқ бўларди. Италияда шундай тизим электр энергияси соҳасида мавжуд», — деди ватандош.

Италияда жорий йилдан ишхоналарда ҳароратни 21 даражадан оширмаслик бўйича чеклов қўйилган. «Бизга бу бўйича маҳаллий бошқарув органидан хат ҳам келди. Агар ташқарида совуқ -5 га тушиб кетса, ичкаридаги ҳароратни 23 даражада ушлаш мумкин», — деди у.

Швеция

Швецияда истиқомат қилувчи Дилобар Эркинзоданинг сўзларига кўра, бу давлатда жуда кам ҳолатларда электр энергиясида муаммо кузатилади. Асосан, фавкулодда вазиятлар юзага келса, ўчиб қолади. Бу борада аҳолига тезда хабар берилиб, огоҳлантирилади ва носозлик бартараф этилади.

«Аммо тўсатдан электр узилиб колиши жуда-жуда кам кузатилади. Агар бирор қурилиш ёки таъмирлаш ишлари сабабли электр тармоғи ўчирилиши зарур бўлса, бу албатта, олдиндан режалаштирилади. Яъни ўша атрофдаги аҳоли огохлантирилади, ҳолат ҳақида батафсил маълумот айтилиб, масъул корхонанинг алоқа воситалари тақдим қилинади. Ва албатта, бундай ноқулайлик учун узр ҳам сўраб қўйишади», — деди у.

Қайд этилишича, иситиш тизими, газ ва электр энергиясига оид масалалар ҳар доим тегишли ташкилотлар томонидан назорат килинади. «Бунинг ташвишини мен ëки қўшним қилмаслиги керак. Ҳукумат ва масъул ташкилотлар муаммони бартараф этади. Биз истеъмолчи сифатида маблағ тўлаганимиз сабабли хизмат кўратиш сифати жуда юқори», — деди ватандош.

Дилобар Эркинзоданинг айтишича, Россиянинг Украинадаги уруши туфайли Европада газ ва электр энергияси нархи сезиларли даражада ошган.

«Электр энергияси нархи барча ҳудудда турлича. Электр станциялари ҳам, хусусий электр тармоқлари ташкилотлари ҳам кўп ва ҳар бири нархни ўзи белгилайди. Бироқ, бу дегани, электр энергияси тизимида муаммо бўлиб, аҳоли чироқсиз қоляпти, дегани эмас. Ҳаммада электр ва газ бор. Ҳатто тўлов қилишга имкони йўқларда ҳам ўчириб қўйилмайди. Маҳаллий маъмуриятлар ишсиз, кам таъминланган оилаларга бу масалаларда кўмаклашади», — деди у.

Унинг айтишича, швецияликлар ҳар бир нарсани қадрига етади, беҳуда исрофгарчилик ҳолатлари кузатилмайди.

«Ўзбекистондагидек ҳисоблагичга пул ўтказмаймиз. Таъминотчи ҳар ой охирида ишлатилган электр энергияси тўловини ҳисоблаб, жўнатади. Шундан сўнг тўловни амалга оширамиз. Қоғозда ҳамма маълумотлар кўрсатилади. Таъминотчиларга нисбатан ишончсизлик йўқ. Чунки улар ўз халқини, одамларни алдамайди, жавобгарлик ва масъулият юқори», — деди Дилобар Эркинзода.

Япония

Ўн йилдан ортиқ кунчиқар мамлакатнинг Фукуока шаҳрида истиқомат қилаётган Соҳибжон Абдуллаев ҳам Японияда электр энергияси билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо рўй бермаганини билдирди.

«Ўн икки йилдан бери яшаётган бўлсак, бирор марта „свет“ ўчмаган. Японияда атом электр станциялари кўплиги учун аҳолига электр доим етказиб берилади. Биз турадиган шаҳарда газ, свет ўчиб қолиш ҳолати бўлмаган. Аммо мамлакатнинг бошқа ҳудудида электр 10−15 дақиқага ўчганида, масъуллардан бири аҳолига таъзим қилиб, узр сўраган. Япон амалдорлари жуда масъулиятли», — деди ватандош.

Унинг сўзларига кўра, Япониянинг жануб қисмидаги аҳоли хонадонлари кондиционер ёки махсус печлар орқали иситилади. Шимол тарафларда эса умумий иситиш тизимлари мавжуд.

«Бизнинг оила бир ойда ўртача 40−50 долларлик электр энергияси ишлатади, газ ҳам ҳудди шунақа», — деди Соҳибжон Абдуллаев.

Туркия

Истанбулнинг Фатиҳ туманида яшаётган Бекназар Раҳматовнинг таъкидлашича, қалин қор ёғишидан олдин маҳаллий маъмуриятлар ёки уларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали аҳоли, айниқса, ҳайдовчилар огоҳлантирилади.

«Уч йилдирки, оилам билан Туркиядаман. Шу вақт ичида электр энергиясида муаммо бўлганини кўрмадим. Шуни айтиб ўтишим керакки, бу мамлакатда электр энергияси учун тўлов 3 хил вақтга ҳисобланади. Кечаси соат 22:00 дан эрталабки 05:00 гача арзон тариф бўлгани боис кир ювиш, чанг ютгич ва бошқа техникалар ишлатиладиган юмушлар асосан тунда қилинади, одамлар шунга одатланган. Агар истеъмолчи қарздор бўлиб қолса, Ўзбекистондаги тизимга ўхшаб, ўзидан-ўзи ўчиб қолмайди. Таъминотчилар олдин огоҳлантиради, агар тўлов қилинмаса, сўнг узиб қўйишади», — деди у.

Бекназар Раҳматовнинг айтишича, Туркияда аксарият аҳолининг уйи бойлер орқали иситилади, бу қурилма ҳамманинг хонадонига ўрнатилган.

АҚШ

Ўн йилдан буён АҚШнинг Нью-Жерси штати Морристаун шаҳрида яшовчи Асомиддин Қутбидинов кучли шамол сабаб дарахт йиқилиб, симлар узилгани ортидан электр энергияси беш кунга ўчганини қайд этди.

«Ўшандан кейин умуман ўчганини эслолмайман. Ҳовли уйда яшайман, хонадонимда газ йўқ, ҳамма техникалар электр энергияси билан ишлайди. Ўзбекистонда катта бўлиб, чироқ ва газ ўчишини кўп кўрганман. Аммо бундай ҳолатлар фарзандларим учун бегона, чунки улар гувоҳи бўлгани йўқ. Автомобилга ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида ҳам қишин-ёзин бемалол бензин, газ қуйиш мумкин, навбатларга кўзингиз тушмайди», — деди ватандош.

Унинг сўзларига кўра, Америкада аҳоли уйини турли усулларда: кимлардир электр энергияси, айримлар газ, баъзилар мой ёки ўтин ёқиб иситади. Қуёш панелларидан фойдаланувчилар кўпчиликни ташкил этади. «Агар фуқаро уйига қуёш панели ўрнатса, ўзидан ортиб қолган электр энергиясини хоҳлаган компанияга сотиши ҳам мумкин», — деди Асомиддин Қутбидинов.

Хитой

2014 йилдан бери Пекин шаҳрида педагоглик қилаётган Дилсора Мирзаҳмедованинг таъкидлашича, хитойликлар совуққа чидамли халқ ҳисобланади.

«Бир неча марта чироқ ўчиш ҳолати кузатилган. Унда ҳам жуда оз дақиқага ўчиб, муаммо ҳал этилгач, дарров ёнган. Пекинда электр энергиясини ўчиришдан олдин нима сабабдан ва қанча вақтгача ёнмаслиги ҳақида лифтларга аниқ ёзиб қўйишади, айтилган вақтда албатта, ёнади. Агар таъминотчилар огоҳлантирмаса, аҳоли норозилик билдиради. Лекин электр энергиясининг мунтазам равишда ўчиш одати йўқ. Ҳаво меъёридан ортиб, совиган пайтларда умумий истиш тизимидаги ҳарорат кўтарилади», — деди у.

Ватандошнинг ҳикоя қилишича, Пекинда иссиқлик таъминоти (отопления)лар 15 ноябрда ёқилиб, 15 март санасида узиб қўйилади.

«Пекиндан ташқаридаги қишлоқларга чиқсангиз, ҳовли уйларда қуёш панеллари ўрнатилганига кўзингиз тушади. Ўзбекистонда ҳам қуёш панелларидан фойдаланишни тезроқ оммалаштириш керак. Бу аҳолига анча енгилликлар беради», — деди Дилсора Мирзаҳмедова.

Унинг қўшимча қилишича, Хитойда кўп қаватли уйларда газдан фойдаланиш мумкин эмас. Аҳолининг деярли барчаси электр ускуналардан фойдаланади.