16 ноябрдан бошлаб тунги вақтларда кўчани ёритиш чеклангани ортидан кунлик истеъмол сарфи 25 фоизга камайди, деб хабар қилди «Тошшаҳарнур» ДУК.

Қайд этилишича, пойтахт кўчаларида тунда ва тиғиз соатлардан кейин электрни тежовчи автоматлаштирилган бошқарув тизимига эга LED технологияли ёритгичлар ишламоқда.

Мазкур лойиҳадан олдин кўчаларни ёритишда 116,8 минг энергия кўп талаб қиладиган ёритиш мосламалари ишлатилган ва электр энергияси истеъмоли йилига ўртача 62 млн 240 минг кВт соатни ташкил этган. Бугунги кунда ёритгичлар умумий сони 140 мингтага яқинлашиб қолган бўлсада, электр энергиясининг ўртача йиллик истеъмоли 40 млн 7 минг кВт соатни ташкил қиляпти.

2022 йилнинг 9 ойи давомида 29 млн 510 минг кВт соат (13 млрд 279,8 млн сўмлик) электр токи, шу жумладан, иллюминацияли чироқлар 183,7 минг кВт соат ёки 82,7 млн сўм (умумий истъемолнинг 0,63 фоизи) истеъмол қилинди.

Бу кўрсаткич бир ойда ўртача — 3 млн 278,9 минг кВт соат ёки 1 млрд 475,5 млн сўмни ташкил қилди. Иллюминация чироқлари мос равишда 20,4 минг кВт соат ёки 9,2 млн сўмга етди.

Бир кунлик ўртача сарф — 109,29 минг кВт соат ёки 49,2 млн сўмни, жумладан, иллюминация чироқлари 0,68 кВт соат ёки 306 минг сўмни ташкил этяпти.

Октябрь ойида ўртача кунлик истеъмол 115,9 минг кВт-соат эди. Ноябрь ойида бу кўрсаткич 87,8 минг кВт-соатни ташкил қилди. Натижада кунига 28,1 минг кВт-соат ёки ойига 843 минг кВт-соат электр энергияси тежалди, дейилади хабарда.

«Ҳозирги вактда 16 ноябрдан бошлаб кўча ёритиш тармоқларида кўшимча энергия сарфини чеклаш режими жории этилди, бу кунлик электр энергияси сарфини 25 фоизга камайтирди ёки октябрь ойида ўртача кунлик истеъмол 115,9 минг кВт соат бўлса, амалда 87,8 минг кВт соатни ташкил қилди», — дейилади хабарда.

Таққослаш учун ушбу тежалган электр энергияси республикадаги 4 400 та хонадоннинг ўртача бир ойлик истеъмолини ташкил этади.

«Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, пойтахт истеъмолчиларининг кунлик электр энергияси истеъмоли тахминан 25 млн 700 минг кВт соатдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, 16 ноябрь куни Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Тошкентда кўчаларни ёритиш ва реклама LED-экранларини вақтинча ўчириш режасини маълум қилганди.