Президент Администрациясида жорий йил якуни билан ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда кутилаётган натижалар ва энергетикадаги вазият бўйича йиғилиш ўтказилмоқда. Йиғилишда видеоалоқа орқали барча ҳудудлар раҳбарлари иштирок этяпти, деб хабар берди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

Администрация раҳбари Сардор Умурзаков раислигида кескин танқидий руҳда ўтаётган йиғилишда қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун масъул мутасаддилар ишидаги жиддий камчиликлар кўрсатиб ўтилди, мавсумга тайёргарлик ишларидаги қолоқликлар, юзага келган вазиятни бартараф этиш чоралар тезкор қабул қилинмагани ва умуман сустлиги юзасидан жиддий эътирозлар билдирилди.

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш масалаларини тезкор ва тизимли ҳал этиб бориш мақсадида Энергетика вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида куну тун ишлайдиган штаблар ташкил этиш топширилди.

Бу масалалар бўйича кунлик назорат ўрнатиш учун президент маслаҳатчилари ва бош вазир ўринбосарлари ҳар бир вилоят ҳокимига бириктириладиган бўлди.

Шунингдек, йиғилишда штаблар ва бириктирилган раҳбарлар вазифалари санаб ўтилди. Жумладан:

  • электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳамда уларни истеъмолчиларга етказиб бериш;
  • аҳоли, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари учун кўмир ва суюлтирилган газ етказиб бериш;
  • қўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатувчи қозонхоналарнинг ишлаш ҳолатини назорат қилиш ва бошқалар.

Эслатиб ўтамиз,аввалроқ, 25 октябрь куни республиканинг турли ҳудудларида газдан узилган иссиқхоналар эгалари ўзининг норозилигини билдириб, Тошкентга келганди. Шу куни улар президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков билан учрашолмай, Вазирлар Маҳкамасига йўналтирилганди. Ҳукумат вакиллари уларнинг таклифлари бош вазирга етказилишини айтишганди.

27 октябрь Энергетика вазирлиги биносида иссиқхоначилар ва ҳукумат вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтгани, иссиқхоналар газдан узилмайдиган бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Шу куни кечки пайт президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги газдан узилган иссиқхоналар эгалари билан учрашиб, якунда 2022−2023 йилларда ҳеч бир иссиқхоначи газдан узилмаслиги, 28 октябрь куни ҳамма иссиқхоналар газга уланиши айтилганди. Қайси вилоятда иссиқхоначиларга газ берилмаса, тегишли Ҳудудгаз раҳбари ишдан бўшатилиши белгилаб қўйилганди.