6 декабрь куни Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефонда суҳбатлашиб, уни таваллуд куни билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.

Суҳбат давомида икки томон етакчилари бўлажак мулоқотларнинг кун тартибини сифат жиҳатидан бойитиш мақсадида савдо шартномалари ва инвестиция дастурлари портфелини кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.

Қирғизистон нашрларининг қайд этишича, Шавкат Мирзиёев 9 декабр куни Қирғизистонга боради. Бу ҳақда Жогорку Кенешининг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси йиғилишида ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Аибек Артикбаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ташриф давомида бир қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.