Хуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Ангрен темир йўл йўналишида поездлар ҳаракати хавфсизлигига салбий таъсир қилувчи ўғирлик жинояти билан боғлиқ ҳолатга чек қўйилди, дея хабар қилди ДХХ матбуот хизмати.

Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида яшовчи 1995 йилда туғилган, муқаддам ўғирлик жинояти содир этганлиги учун судланган К.Ж., Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида яшовчи, 1999 йилда туғилган С.С. ва Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган М.Ф.лар жорий йилнинг май ойида Тошкент вилоятидаги «Ақча-Облиқ» темир йўл бекатлари оралиғидан ўтувчи бетон устунлардаги юк ва йўловчи поездлар электровозларини юқори кучланишли электр энергияси билан таъминловчи симларнинг жами 140 метрини кесиб олиб, «Дамас» русумли автомашинага юклаб, олиб кетаётган вақтларида қўлга олинган.

Таъкидланишича, мазкур шахслар бунга қадар «Кучлик-Тўйтепа» темир йўл бекатлари оралиғидаги 87,5 метр электр симларини ҳамда «Оҳангарон-Ақча» темир йўл бекатлари оралиғидаги 100 метр электр симларини кесиб олиб, сотиб юборган.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан К.Ж., С.С. ва М.Ф.лар Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган ўғрилик) билан айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига беш йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.