Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида транспорт воситалари ҳаракатини камайтириш бўйича таклифлар Республика комиссиясига тақдим этилди. Якуний қарор тез кунларда қабул қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда 3 декабрь куни «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи, полковник Олим Саидов маълум қилди.

«Давлат раҳбари томонидан 11 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида шаҳар марказларида айнан транспорт воситалари гавжум жойларда тезликни 60 км/соатга пасайтириш бўйича кўрсатма бўлганди. Бу топшириқни ижросини таъминлаш мақсадида, авваламбор, кенг жамоатчилик билан маслаҳатлашган ҳолда ҳамда транспорт воситалари оқимини, пиёдаларни шу йўлда ҳаракатланиш жадаллигини ўрганиш зарурияти туғилди. Шу мақсадда, фақат ЙҲХХ ўзи бу кўчаларни таклиф қилибди, деган тушунча бўлмаслиги учун жамоатчилик билан маслаҳатлашишга тўғри келди», — деди Олим Саидов.

Унинг таъкидлашича, ҳар бир вилоят маркази, транспорт воситалар сони, йўлларнинг сиғими, автомобиль ва пиёдаларни ҳаракатланиш даражаси ўрганилган. Бу масала ҳар бир вилоят Халқ депутатлари кенгашида муҳокамага қўйилган.

«Барча вилоят кенгашлари томонидан тасдиқланган қарорлар Республика махсус комиссиясига тақдим қилинди, барча маълумотлар йиғилди ҳамда комиссия кун тартибига қўйилди. [Комиссиянинг] навбатдаги йиғилишида бутун республикада вилоятлар кесимида айнан қайси кўчаларда тезлик камайтирилиши бўйича қарор қабул қилинади. Қарор тасдиқланган куннинг ўзида кучга киради», — деди ЙҲХХ бошлиғи.

Олим Саидовнинг қўшимча қилишича, белгиланган жойларда тезликни чеклаш масаласи декабрь ойида узил-кесил ҳал бўлади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 77-сессиясида Самарқанд вилоятининг маълум ҳудудларида тезликни чеклаш масаласи кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда Zarnews. Бу ҳақда тегишли ҳисоботни вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Шавкат Бойхўрозов ўқиб эшиттирди.

«Самарқанд шаҳрининг М-37А Самарқанд ҳалқа йўлининг 40−43 километрлари оралиқ қисмида 3 йил давомида содир этилган ЙТҲлар сони 29 тани ташкил этган, шундан 6 таси ўлим, 23 таси тан жароҳати билан боғлиқ. Бундан ташқари, Афросиёб кўчасининг Ибн Сино кўчасидан М-37А автомобиль йўлигача бўлган қисми узунлиги 1,7 км, кенглиги 17 метрни ташкил этиб, 8 та асосий йўл билан туташмалар мавжуд. Бу йўлда охирги 3 йил давомида 7 та ЙТҲ содир этилган. Шундан 2 таси ўлим, 5 таси тан жароҳати билан боғлиқ», — деди у.

Шунингдек, Даҳбед кўчасининг Ибн Сино кўчасидан Регистон кўчасигача бўлган қисмининг узунлиги 2,8 км, кенглиги 15 метрни ташкил этади. Охирги 3 йил давомида 24 та ЙТҲ содир этилган. Шундан 4 таси ўлим, 20 таси тан жароҳати билан боғлиқ.

Гагарин кўчасининг Гўрўғли кўчасидан Ўзбекистон кўчасигача бўлган қисми узунлиги 5,3 км, кенглиги 30 метрни ташкил этади. Охирги 3 йил давомида 13 та ЙТҲ содир этилган.

Шулардан келиб чиқиб, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳридаги М-37А Самарқанд ҳалқа йўлининг 40−43-километрлар оралиқ қисмида, Афросиёб, Даҳбед ва Гагарин кўчаларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг юқори тезлигини соатига 60 км этиб белгилаш таклиф этилмоқда.

Бундан аввал Тошкент ва Андижонда ҳам айрим кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 60 км/соатгача чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида илк бор йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев мактаб ва боғчалар олдида транспорт тезлиги 30 км/соатдан ошмаслигини айтганди. Шунингдек, у Тошкент марказида транспорт тезлиги 50−60 км/соат дан ошмаслиги, умуман, республиканинг аҳоли гавжум ҳудудларидаги гавжум кўчаларда тезликни 70 км/соатдан 60 км/соатгача камайтириш кераклигини таъкидлаганди.

Бу бўйича Республика комиссияси ташкил этилган. Унга бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади, унинг ўринбосари ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳисобланади. Ҳудудий комиссияларга эса ҳокимлар раҳбар этиб тайинланган. Комиссиялар йўллар ҳолати ва мавжуд инфратузилма ҳамда авария ўчоқларини ўрганади.