Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши 71 сессиясида пойтахтнинг Кичик ҳалқа автомобиль йўли ичида жойлашган барча кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 60 км/соатгача чеклаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сессияда сўзга чиққан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ бошлиғи Рафиқ Жалилов, дастлаб, пойтахтда 9 ой давомида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида ахборот берди. Ушбу даврда 756 ЙТҲ содир бўлган, унда 905 нафар одам жабрланган, 98 нафари вафот этган. ЙТҲларнинг 46,2 фоизи тезликка амал қилмаслик, 21 фоизи пиёдларнинг эҳтиётсизлиги билан, 14 фоизи чорраҳаларда қоидаларга амал қилмаслик, 12,5 фоизи светафорга амал қилмаслик, 5 фоизи мастлик оқибатида содир этилган.


Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ бошлиғи Рафиқ Жалилов. Фото:Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

Депутатлар айрим кўчаларда траспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 50 км/соатгача чекланишини маъқуллади. Булар жумласига Алишер Навоий, Маҳтумқули, Амир Темур, Кичик ҳалқа автомобиль йўли, Ислом Каримов, Тарас Шевченко, Бобур ва Фурқат кўчаларининг бир қисми ва Амир Темур хиёбони айланма йўли киради.


Ушбу чора ўз самарасини берса, келажакда шаҳардаги барча кўчаларда тезлик пасайтирилиши маълум қилинди.

Бундан аввалги сессияда бир қатор депутатлар тезликни пасайтиришга қарши чиққанди. Хусусан, Депутат Муратхон Жўраев 70 км/соат — шусиз ҳам паст тезлик эканини таъкидлаганди.

«Аварияларда 70 км/соат тезлик бўлмайди. 70 км/соат — шусиз ҳам паст тезлик. Бу авариялар 100 км/соат, 150 км/соат тезликда, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда содир бўлади. Ҳаёт шиддат билан ривожланмоқда, биз эса тезликни секинлаштирмоқчимиз. Ҳозир машиналарнинг сифати аввалгидек эмас. «Жигули», «Волга» ва «Москвич»лар замони ўтди. Ҳозирги машиналар замонавий ва инновацион [механизмларга] эга», — деганди у.

Фанлар академияси Тарих институти директори ўринбосари Азамат Зиё ёмғир пайтида барча ҳаракат иштирокчилари тезликни пасайтириши ҳамда тирбандлик юзага келишини таъкидлади. Шу билан бирга, Навоий кўчасининг реконструкция қилиниши транспорт ўтказувчанлигини оширишга хизмат қилди, дея эътироф этганди у.

«Демак, гап фақат тезликни камайтириш ҳақида эмас. Эски шаҳарни олайлик… Менимча, бу ерда пиёдаларнинг ҳам ҳиссаси катта. Тезликни соатига 60 км га камайтириш қанчалик ёрдам беришини билмайман», — деганди у.

Депутатлардан бири катталар 60 км/соат тезлик чегарасини сақлаб қолиши мумкинлигини айтди, аммо «ёшлар катта тезликда ҳайдайди, уларни 60 км/соат тезлик билан тузатиб бўлмайди».

«Улар шашка ўйнашади, бир қатордан иккинчисига сакрашади. Ҳаммамизнинг машиналаримиз бор, биз буни кўриб турибмиз… Тезликни 60 км/соатга камайтириш билан ҳеч нарса ўзгармайди», — деганди.

Депутат, «Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари департаменти» МЧЖ ўринбосари, «Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари» бўлими бошлиғи Лобар Қобулжонова кўплаб кўчаларда пиёдалар ўтиш жойи белгилари йўқ ёки ўчиб кетгани, шу сабабли ҳайдовчилар тўхташга улгурмай, пиёдаларни уриб юбориши мумкинлигини таъкидлади. У ЙПХ инспекторлари светофорнинг қизил чироғида йўлни кесиб ўтган пиёдаларга нисбатан чора кўрганини кўрмаганини қўшимча қилганди.

«Менимча, биринчи навбатда агитация бўлиши керак. Иккинчидан, йўл белгиларини тартибга солиш», — деганди у.

Тошкент молия институти ректори, депутат Тўлқин Тешабоев ҳамкасбининг пиёдалар белгилари ва ўтиш жойлари ҳақидаги фикрини қўллаб-қувватлади. У тезликни 60 км/соатга камайтиришга қарши эмас, лекин бу муаммони ҳал қилишига ҳам ишончи комил эмаслигини айтган.

Нима учун тезликни пасайтириш муҳим?

2021 йилда Ўзбекистонда расман қайд этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 10 001 тани ташкил этди, бу 2020 йилдаги 6882 тага нисбатан 43,24 фоизга кўп. 2426 киши (шундан 263 нафари болалар) ёки ўтган йилдаги 1962 тага нисбатан 23,65 фоизга кўп киши ЙТҲ қурбони бўлган. 9230 киши тан жароҳати олди. Бу ўтган йилги 6591 талик кўрсаткичга нисбатан 40 фоизга кўп. Йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабаблари тезликни ошириш ва ҳаракатни нотўғри ташкил этишдир. Пиёдалар ўтиш жойларида одамларни уриб кетиш кўрсаткичи белгиланмаган жойлардаги рақамлар билан бир хил.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, тезликнинг ҳар 1 км/соатга ошиши ҳалокатли бахтсиз ҳодисаларнинг 4−5 фоизга ошишига олиб келади. Автотранспорт тезлиги қанчалик паст бўлса, улар билан тўқнашувда пиёдаларнинг шикастланиши ва ўлими хавфи шунчалик паст бўлади.

30 км/соат тезликда автомобиль уриб кетган пиёданинг омон қолиш эҳтимоли 99 фоизни ташкил қилади, лекин тезлик 50 км/соат бўлса, омон қолиш даражаси 80 фоизга тушади.

Март ойида Тошкент ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳа бошқармаси бошлиғи Мурод Обидов шаҳар учун 50 км/соат тезлик энг оптимал эканини таъкидлаб, «бу илмий жиҳатдан тасдиқланган ҳақиқатдир», — деган эди.

Таълим муассасалари яқинида ва турар-жойларда 30 км/соат ва ундан паст тезлик чегараси кўпчилик ривожланган мамлакатларда стандарт меъёр ҳисобланади. Бироқ бу ягона шарт эмас. Кўчаларни ҳаракатни сокинлаштирувчи компонентлар (кўтарилган пиёдалар ўтиш жойлари, мажбурий хавфсизлик ороллари, қатнов қисмининг торайиши ва эгилиши, чорраҳалардаги айланмалар ва бошқалар), тезликни чеклаш механизмлари ва бошқаларни қўшиб қайта қуриш зарур.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қайд этишича, болалар жуда заиф йўл фойдаланувчилари ҳисобланади, чунки улар жисмоний, ақлий ва ижтимоий ривожланиш билан боғлиқ чекловларга эга. Бўйининг пастлиги болаларнинг атрофдаги тирбандликни кўришини, шунингдек ҳайдовчилар ва бошқаларнинг уларни кўришини қийинлаштиради. ЙТҲлар содир бўлган тақдирда, болалар бош суягининг юмшоқлиги уларнинг оғир бош жароҳатлари олиш эҳтимолини янада оширади.