Январь-октябрь ойларида Ўзбекистон 841 млн долларга 4,07 млрд кубометр газ экспорт қилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга кам. Ўшанда етказиб бериш ҳажми 621 млн долларга тенг 4,94 млрд кубометр газни ташкил этган эди.

Экспортнинг пасайишига қарамай, у қиймат жиҳатидан 35,4% га ўсди. Хусусан, ўтган йили Ўзбекистонда 1 кубометр газ ўртача 13 центга сотилган бўлса, бу йил 21 центга (+61,5%) сотилган. Таққослаш учун: 2019 йил август ойидан бери ўзгармаган аҳоли учун газ нархи 380 сўм (3,5 цент), корхоналар учун — 660 сўм (5,9 цент).

Октябрь ойида етказиб бериш деярли икки баравар камайди — 778 млндан 393 млн кубометргача. Газнинг деярли бутун ҳажми Хитойга юборилади, аммо икки мамлакат статистикаси бир-бирига тўғри келмайди. Хусусан, Ўзбекистон октябрь ойида газ экспорти атиги 91 млн долларни ташкил этганини маълум қилган бўлса, Хитой томони Ўзбекистон газини 148,5 млн долларга импорт қилгани ҳақида хабар бермоқда.

Иссиқлик электр станцияларида газ тақчиллиги туфайли электр узилиши фонида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев 16 ноябр куни Ўзбекистон ички эҳтиёжларни қондириш учун газ ва электр энергияси экспортини деярли бутунлай тўхтатганини айтди. «Рақамларга келсак, агар кунлик прогноз кўрсаткичлари бўйича 10 млн куб метр газ экспорти режалаштирилган бўлса, ҳозирги экспорт ҳажми 1 млн куб метрга ҳам етмайди», — деди энергетика вазири ўринбосари.

Давлат статистика қўмитаси ҳали ноябрь ойи учун маълумотларни эълон қилмади, аммо Қирғизистоннинг Ўш шаҳри вице-мэри Сонунбек Жунусбаев 25 ноябрь куни «Клооп»га Ўзбекистондан ҳеч қандай чекловлар йўқлигини маълум қилди.

«Ҳеч қандай чекловлар йўқ. Энг тиғиз соатларда газ босими бироз пасайиши мумкин, аммо биз [бундай ҳолатларда] Ўзбекистон билан гаплашамиз ва босимни оширамиз», — деди у.

Қирғизистон расмий статистик маълумотларига кўра, Ўзбекистон январь-сентябрь ойларида 25,3 млн кубометр газни 3,8 млн доллардан ёки ҳар минг кубометр газни 150 доллардан етказиб берган.

Газ қазиб олиш ва унинг етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар

Жорий йилнинг 10 ойида Ўзбекистонда 43,77 млрд кубометр газ қазиб олинди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 452,7 млн кубометрга кам демакдир, зеро бу кўрсаткич ўтган йили 44,24 млрд кубометрга тенг эди. Шундай қилиб, агар ўтган йили мамлакат ишлаб чиқарилган газ умумий ҳажмининг 11 фоизини экспорт қилган бўлса, 2022 йилда — деярли 9,3% бўлди.

Тошкент ҳокимлиги пойтахтнинг бир қатор туманларида совуқ об-ҳаво туфайли газ таъминотида узилишлар юз бераётгани ҳақида хабар берди. «Ресурслар етишмаяпти», дея маълум қилди шаҳар маъмурияти. Шу муносабат билан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари жамоат транспортидан ташқари барча транспорт воситалари учун вақтинча ёпилди.

Газ қуйиш станциялари ёпилса, кўплаб микроавтобус ҳамда таксилар хизматидан фойдаланишда қийналиши аҳоли учун кутилмаган ҳолат бўлди. Бундан ташқари, кўплаб ҳайдовчилар ўз машиналарини уйда қолдиришди. Натижада жамоат транспортига талаб ошди, аммо автобуслар ҳаммани ҳам сиғдира олмади. 5 декабрь соат 12:00 ҳолатига шаҳарда жами 900 га яқин автобуслар йўналишларга чиқарилди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон маҳаллий саноатни ривожлантириш учун газ экспорт қилмаслигини маълум қилганди.