Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг пайшанба куни бўлиб ўтган сессиясида экспорт соҳасида эришилган ютуқларга тўхталди.

««Мен шахсан президент бўлиб, пахта ҳозир неча фоиз бажарилганини билмайман. Чунки манфаат бўлса, фермерлар, кластерлар ўзи бажараверади. Олдин қандай эди, йилнинг 3−4 ойи эгилиб пахта териш билан ўтарди. Ўқитувчи ҳам, шифокор ҳам, зиёли ҳам далада бўларди», — дея давлат раҳбари сўзларидан иқтибос келтирди Kun.uz.

У яқинда йирик бир давлат раҳбари ўзидан пахтани экспорт қилишни сўраганини маълоум қилди.

«Экспортга пахта йўқ, тўлиқ қайта ишлаяпмиз» десам ишонмади. Чунки олдин экспортимиз асоси пахта билан газ бўларди. Ҳозир эса пахтани ҳам, газни ҳам экспорт қилмаяпмиз. Ҳатто газни четдан сотиб ҳам оляпмиз. Сабаби, саноатимиз ривожланяпти. Ана шундай икки асосий маҳсулот четга сотилмаса ҳам экспортимиз ҳажми 2016 йилга нисбатан 5−6 баробар ошди", — деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистон 717,3 млн долларга газ экспорт қилган, бу қиймат жиҳатидан (жисмоний ҳажмлар бўйича маълумотлар эълон қилинмаган) 2020 йилга нисбатан қарийб 50 фоизга кўпдир.

2022 йилда экспорт ҳажми ошди — саккиз ойда 645,9 млн долларлик газ етказиб берилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 60,9 фоизга кўпдир. Мазкур маблағнинг 138,9 млн доллари апрелда, 122,6 млн доллари май ойида, 72 млн доллари июнда, 101,3 млн доллари июлда ва 120,5 млн доллари августда тушган.

Ўзбекистонга газ импорти 35,9 фоизга камайиб, 76,2 млн долларни ташкил этди.

Ёзда «Ўзтрансгаз» раҳбари Беҳзот Нарматов Ўзбекистон 2025−2026 йилларга бориб ички истеъмолнинг ўсиши туфайли газ экспортини бутунлай тўхтатиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Ҳозир Ўзбекистонда қазиб олинаётган газнинг қарийб 10 фоизи Хитойга экспорт қилинмоқда.Пахтага келсак, бугунги кунда Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам асосий хомашё ўрнига тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Январь-август ойларида тўқимачилик маҳсулотлари экспорти мамлакат умумий экспортининг 17,2 фоизини — 2,18 млрд долларни ташкил этди. Маҳсулотларнинг асосий қисмини ип-калава (49,6%) ва тайёр трикотаж ва тикувчилик буюмлари (25,8%) ташкил этади. Йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳатто 48,4 млн долларлик тўқимачилик толасини импорт қилди (ўсиш 3,5 баробар).