Economist Intelligence Unit таҳлилий компанияси дунёда яшаш нархига оид янги йиллик тадқиқотни тақдим этди. У 172 шаҳардаги 200 та маҳсулот ва хизматлар нархларини таққослаш орқали аниқланган.

Тадқиқот муаллифларининг қайд этишича, ўтган йили рейтингга 173 шаҳар киритилган, бироқ 2022 йилда Украинадаги уруш туфайли Киевни чиқариб ташлашга тўғри келган.

Тошкент дунёнинг энг қиммат шаҳарлари орасида 168-ўринни эгаллади. Ўтган йили у 171-ўринни банд этганди.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, энг арзон ҳаётни Дамашқ, Триполи, Теҳрон, Тунис ва Тошкент шаҳарларида кечирса бўлади. Ҳисоботда қайд этилишича, бу ушбу шаҳарлар жойлашган мамлакатларнинг заиф иқтисодиёти ва валюталарини акс эттиради.

Биринчи ўринни 100% индекс билан Сингапур ва илк бора Нью-Йорк шаҳарлари эгаллади. Ўтган йилги етакчи Тел-Авив учинчи ўринга тушди.

Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари рейтингда 88 ва 70 та поғонага кўтарилиб, мос равишда 37 ва 73-ўринларни эгаллади. Ҳисобот муаллифлари Ғарб санкциялари нархлар ошишига сабаб бўлганини маълум қилган.

Тадқиқот натижаларига кўра, дунёнинг йирик шаҳарларида ўртача яшаш нархи ўтган йил давомида маҳаллий валютада 8,1 фоизга ошган.

Рейтингнинг шаклланишига Украинадаги уруш ва коронавирус пандемияси таъсир кўрсатди. Уларнинг фонида бензин нархи кескин — 22 фоизга кўтарилди, шунингдек, газ ва электр энергияси нархи ҳам ўртача 29 фоизга ошган. Бундан ташқари, ҳисобот муаллифлари омиллар сифатида озиқ-овқат ва уй-рўзғор буюмлари нархининг ошишини ҳам киритган.