Ўзбекистон Афғонистоннинг Айбак шаҳрида жойлашган «Жиҳодия» мадрасасида содир этилган террорчилик ҳаракатларини қоралайди, дея баёнот берди ТИВ.

«2022 йил 30 ноябрь куни Афғонистоннинг Саманган провинцияси Айбак шаҳрида содир этилган террорчилик хуружини кескин қоралаймиз. „Жиҳодия“ мадрасасида амалга оширилган қабиҳ ҳаракат кўплаб инсонларнинг, асосан ёш талабаларнинг қурбон бўлишига олиб келди. Яна бир бор шуни маълум қиламизки, бундай зўравонлик ҳаракатлари кескинликнинг кучайишига сабаб бўлиб, Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатишга, шунингдек, миллий келишувга эришишга тўсқинлик қилади», — дейилади баёнотда.

Маълумот учун, ҳодиса оқибатида 35 киши ҳалок бўлган ва 23 киши жароҳатлангани айтилмоқда. «Толибон» ҳаракати ҳозирча портлаш ҳақда маълумот бермаган. Вилояти касалхонасидаги манбалар портлаш қурбонларининг аксарияти талабалар эканини айтмоқда.