Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Россия Федерал Мажлиси Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин бошчилигидаги Россия парламент делегациясини қабул қилди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.

«Янги ташкил этилган Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия фаолияти икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда қонунчилик фаолиятини ташкил этиш соҳасида тажриба алмашишни кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди», — дейилади хабарда.

Россия делегациясининг ташриф дастури

Парламент қуйи палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раиси Нурдинжон Исмоиловнинг Вячеслав Володин билан учрашувида Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия регламенти имзоланган. Томонлар Ўзбекистон ва Россия парламентлари ўртасида олий даражадаги комиссияни тузиш ҳақида 5 июнь куни Москвада бўлиб ўтган учрашувда келишиб олинган эди.

Фото: Давлат думаси матбуот хизмати


«Бу биз учун муносабатларнинг янги формати бўлиб, унинг доирасида биз мамлакатларимиз фуқароларини ташвишга солаётган масалалар билан шуғулланишни, энергетика, саноат, фан, таълим, алоқа, коммуникациялар, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, илғор технологиялар, ечимлар, турли тармоқлар бўйича алмашинув каби соҳаларда давлатларимиз манфаатлари йўлида ишлашни режалаштиряпмиз. Ва, албатта, биз учун устувор масалалардан бири — бу миграция, Ўзбекистон ё Россия вакиллари бўлишидан қатъи назар, мамлакатларимиз ҳудудидаги фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларидир. Бу мавзулар албатта муҳокамаларимиз кун тартибидан ўрин олади», — дея Володиннинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Давлат думаси матбуот хизмати.

Учрашувда комиссиянинг биринчи мажлиси келаси йил бошидаёқ бўлиб ўтиши мумкинлиги таъкидланди.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ҳам Вячеслав Володинни қабул қилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси матбуот хизмати.

Фото: Давлат думаси матбуот хизмати


Учрашувда томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, хусусан, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион, транспорт-логистика, агросаноат, илмий-техник соҳаларда истиқболли лойиҳаларни илгари суриш, таълим ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш ҳамда парламентлараро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

Танзила Нарбаева сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик соҳасидаги ютуқлар, жумладан, октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг кузги сессия якунлари ҳамда ушбу сессия МДҲ парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичини бошлаб берганига тўхталиб ўтган.

Вячеслав Володин икки мамлакат парламентлари давлат раҳбарлари даражасида қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаши муҳимлигини такидлаган.

«Ўзбекистонда АҚШ билан ҳамкорликнинг эҳтимолий оқибатларини баҳолаш учун донишмандлик етарли»

Ташриф давомида Давлат думаси спикери Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларига изоҳ берди, унинг сўзлари Дума сайти томонидан эълон қилинган.

Вячеслав Володиннинг қайд этишича, АҚШ ва унинг Европадаги стратегик ҳамкорлари ўртасидаги муносабатларининг натижаси Ўзбекистон учун Вашингтон билан ҳамкорлик қилишнинг эҳтимолий оқибатларини баҳолашда бир намунага айланган.

«Бу ерда донишманд, ақлли одамлар яшайди — бу ишоралар қандай оқибатлар келтириб чиқаришини тушунишади», — деди Давлат думаси раиси АҚШ вакилларининг минтақага ташрифлари кўпайганига изоҳ бераркан.

Вячлеслав Володиннинг таъкидлашича, АҚШ билан стратегик аҳамияти юқорироқ бўлган муносабатлар Европанинг иқтисодиётига муаммолар келтирган. «Америкаликлар энергоресурсларни ўзлари учун бир нархда олиб, уни Европага тўрт баробар қиммат баҳода етказиб беради. Айни вақтда [улар Европани] Россияга қарши санкция урушлари домига туширди, арзон энергиядан фойдаланиш имконини берадиган бизнинг дастурларимизни тўхтатиб қўйди, ваҳоланки, айнан шу Германиядаги, Франциядаги, бошқа давлатлардаги саноат ривожланишининг асоси эди», — деди Вячеслав Володин.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Европа Иттифоқи давлатларининг раҳбарлари «айнан Россия энергия ресурслари европаликларнинг фаровонлиги асоси бўлганини ва ниҳоят тан ола бошлади, аммо айнан АҚШ бу ресурсларнинг Европага кириб бормаслигининг ташаббускори бўлди, улар унинг ўрнини ўзларининг қиммат ресурслари билан тўлдира бошлади».

«Натижасини сизу биз кўриб турибмиз. Буларнинг барини Осиё мамлакатларида яшайдиган, айниқса, биз билан ҳар доим ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ички ишларга аралашмаслик тамойиллари асосида муносабат ўрнатганлар яхши тушунади», — деб ҳисоблайди Давлат думаси раиси.

Унинг маълум қилишича, Ўзбекистонга ташриф давомида «жуда хилма-хил масалалар, жумладан, умумий тарих, бизнинг анъанавий қадриятларимиз, маданият масалалари ҳам» муҳокама қилинган.

«Ўртамизда умумийлик кўп. Биз учун, масалан, оилани бузишга уринган ҳолда, [оилавий] муносабатлар соҳасида тиқиштирилаётган янги қадриятлар номақбулдир. Шундай экан, америкаликлар, тушунарли ҳолки, қўй терисига ёпиниб келади, аммо бўрининг иржайиши кўриниб туради, шу боис ким келганини ҳамма англаб туради», — деган Вячеслав Володин.