Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ижтимоий тармоқларида тарқалган Олтиариқ туманида 3 нафар қиз пичоқлангани айтилган хабар юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 26 ноябрь куни Фарғона шаҳрида яшовчи М.М. (аёл) Олтиариқ тумани «Бозорбоши» МФЙ «Яшил хиёбон» номли истироҳат боғида танишлари Д.Б., О.Р. ҳамда У.Р.лар билан жанжаллашган. Сўнгра ошхона пичоғи билан уриб, уларга тан жароҳати етказган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.М.га нисбатан Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 2-қисми «м» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.